ноябр 01, 2023 18:57 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва “Газпром” ўзаро ҳамкорлик бўйича стратегик меморандум имзолади
    Ўзбекистон ва “Газпром” ўзаро ҳамкорлик бўйича стратегик меморандум имзолади

Ўзбекистон ҳукумати ва Россиянинг “Газпром” компанияси ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича стратегик меморандум имзоланди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигига кўра, “Санкт-Петербург халқаро газ форуми – 2023” доирасида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва "Газпром" АЖ бошқаруви раиси Алексей Миллер ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди.

Унда томонлар ҳамкорликнинг бориши ҳамда истиқболларини кўриб чиқдилар. Хусусан, жорий йилнинг октябрь ойида бошланган Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга етказиб бериш масаласи муҳокама қилинди.

Ўзбекистон истеъмолчиларини энергия билан барқарор таъминлашда “Марказий Осиё – Марказ” газ қувурлари тизими асосидаги махсус ажратилган йўналиш алоҳида ўрин тутиши, бу, айниқса, куз-қиш мавсумида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Учрашувда Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Алексей Миллер энергетика комплексидаги ҳамкорлик бўйича стратегик меморандумни имзоладилар. Ҳужжатга кўра, томонлар газ таъминоти ҳамда ташиш соҳасида, шунингдек, углеводородларни геология-қидирув ва қазиб олиш йўналишларида ҳамкорликни янада ривожлантирадилар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон “Газпром” билан узоқ муддатли газ хариди бўйича музокаралар бошлагани хабар қилинган эди.

Ёрлиқ