ноябр 14, 2023 11:04 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Германия ўртасида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича грант шартномалар имзоланди

Шартномаларга кўра, Ўзбекистонга умумий қиймати 30 миллион евро миқдорида грантлар ажратилади.

KfW Германиянинг тараққиёт банки делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида мазкур банкнинг катта портфель менежери Виталис Риттер ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов қатор икки томонлама муҳим ҳужжатларни имзоладилар.

Асосий келишувлардан бири “Ўзбекистон Республикасида касб-ҳунар таълимини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга оширишга қаратилган грант шартномаси бўлди. Шартномага кўра, Ўзбекистонга умумий қиймати 16 миллион евро миқдорида грантлар ажратилади. Ушбу маблағнинг 14 миллиони Ўзбекистондаги бандликка кўмаклашиш марказлари қошида мономарказларни қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда касб-ҳунарга ўқитишга сарфланади. Бундан ташқари, лойиҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун 2 миллион евро ажратилади.

“Термиз шаҳрида тиббиёт кадрларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини модернизация қилиш” лойиҳаси бўйича грант шартномалари иккинчи муҳим қадам бўлди. Ушбу шартномада Термиз шаҳрида симуляция ўқув марказини ташкил этиш учун 13 миллион евро ҳамда кадрлар малакасини ошириш фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун яна 500 минг евро миқдорида маблағ ажратилади.

Мазкур лойиҳалар Ўзбекистонда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш, фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган муҳим лойиҳалар ҳисобланади. Шунингдек, улар мамлакатимизга таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида Германиянинг илғор тажрибаси ва технологияларини жалб қилишга хизмат қилади.

Ёрлиқ