Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўзаро савдо ҳажмини оширмоқчи
(last modified Thu, 16 Nov 2023 05:09:25 GMT )
ноябр 16, 2023 10:09 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўзаро савдо ҳажмини оширмоқчи
    Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўзаро савдо ҳажмини оширмоқчи

Ўзбекистон Афғонистон ва Покистон билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича ишчи гуруҳ тузади

Унинг ташкил этилиши Исломободда бўлиб ўтган уч томонлама музокаралар баённомасида кўрсатилган. Уларда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Покистон савдо ва саноат вазири Гоҳар Ижаз ва унинг Афғонистон муваққат ҳукуматидаги ҳамкасби Ҳожи Нуриддин Азизий иштирок этди. 

Хабарларга кўра, протокол бошқа нарсалар қаторида божхонада электрон ҳужжат айланишини жорий этишни ҳам назарда тутади. Бундан ташқари, мамлакатлар савдо учун виза тартибини соддалаштиришга келишиб олди. 

Шунингдек, қўшма сармоявий лойиҳалар устида ишлаш, банк тизимини ривожлантириш режалаштирилган. Яна бир истиқболли йўналиш - озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ташаббуслар. 

Ижаз ушбу протоколни Тошкент, Кобул ва Исломобод ўртасидаги иқтисодий алоқалар ва ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги «муҳим қадам» деб атади. У савдо ва транзит ташувлари йўналишида «яхши вақт келишини» кутаётганини билдирди.

Афғонистон Саноат ва савдо вазирлиги ишчи гуруҳ келаси ҳафта йиғилишини маълум қилди. Унинг асосий вазифаси уч давлат ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш ва бунга тўсқинлик қилаётган тўсиқларни бартараф этишдан иборат.