Ўзбекистонда сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизими жорий этилади
Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётда йилига 5 миллиард доллар даромад бой берилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистонда сув ресурсларининг 20 фоизи, катта қисми қўшни давлатларда шаклланади деб хабар қилган Аниқ сайти.
“Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб бормоқда. Трансчегаравий дарёларни бошқариш бўйича вазият ҳам жиддий. Буларнинг таъсирида 2030 йилга бориб юртимиздаги сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши прогноз қилинаяпти”, — дейилади хабарда.
Республикадаги жами сув ресурсининг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида сарфланмоқда. Масалан, бир гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10-11 минг кубметр сув сарфланади. Иқлими ва ери Ўзбекистонникига ўхшаш мамлакатларда бундан 2-3 баравар кам сув ишлатилаяпти.
“Сув хўжалигига ҳар йили ўртача 1 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда. Бу соҳа бюджетдан маблағ олиш бўйича таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигидан кейин 4-ўринда туради”, — дея қайд этилди йиғилишда.
Давлат раҳбари бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига
Биринчи муҳим вазифа – канал ва ариқларни бетонлаш.
Бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўлаяпти. Энг кўп сув йўқотишлари Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Навоий, Хоразм ва Бухоро вилоятларига тўғри келади. Каналларнинг охирида жойлашган 175 минг гектар экин майдонида сув таъминоти жуда оғир.
“Шу боис сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинди. Келгуси йилда 1 минг 500 километр, яъни бу йилгига нисбатан 4 баробар кўп йирик каналларни бетонлаш вазифаси белгиланди. 2025 йилдан бошлаб камида 2 минг километрдан каналларни бетонлашга ўтилади”, – дейилган хабарда.
Иккинчи муҳим вазифа – сув тежовчи технологияларни жорий қилиш.
Мамлакатда 4,3 миллион гектар суғориладиган ер бўлиб, шундан 30 фоизига сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Бундай кластер ва фермер хўжаликларида сув 30-40 фоизга, ўғит ва ёқилғи 25-30 фоизга тежалиши билан бирга ҳосилдорлик ошган.
Лекин, сув етказиш таннархи жуда қиммат бўлган Қашқадарёда бундай усулда суғориладиган ерлар атиги 16 фоизни ташкил этади. Сув тежашда энг содда агротехник тадбир бўлган ерни лазерли текислаш ишлари ҳам етарли эмас. Бундай майдонлар Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 10 фоиздан кам.
“Кластер ва фермерларга сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун икки йиллик имтиёзли давр билан беш йилга 14 фоизли кредит ажратилади. Бунинг учун очиқ-ошкора платформа ишга туширилади. Ҳам банк билан, ҳам таъминотчилар билан шартнома электрон платформа орқали онлайн имзоланади”, – дейилган хабарда.
Учинчи муҳим вазифа – сувни етказиш харажатларини қисқартириш.
Бугунги кунда кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар 1 кубметр сувга ўртача 212 сўм харажат қилинаяпти. Лекин Бухоро, Қашқадарё ва Наманганда бу 2-3 баробар қиммат.
Шу билан бирга, сув харажатининг 63 фоизи насос станциялари ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, суғориш учун йилига 7 миллиард киловатт соат электр энергияси сарфланади. Чунки сув насосларининг 80 фоизи эскирган, энергия сарфи юқори.
“Давлат раҳбари бу харажатларни камайтириш ва самарадорликни оширишнинг энг тўғри йўли – насосларни модернизация қилиш ва уларни бошқаришни хусусий шерикликка бериш эканини таъкидлади”, – дея таъкидланган Спутник хабарида.