Ўзбекистон ва БАА президентлари учрашиб мулоқот қилдилар
иккитомонлама муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Дубай шаҳрига ташрифи давомида 2 декабр куни Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашганини Кун сайти хабар қилди.
Хабарга кўра, амирликлар томонидан вице-президент Шайх Мансур Ол Наҳаён, бош вазир ўринбосари, ички ишлар вазири Шайх Сайф Ол Наҳаён, энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий, саноат ва илғор технологиялар вазири, COP28 саммити президенти Султон Аҳмад ал-Жобир ҳам қатнашди.
Ўзбекистон ва БАА етакчилари суҳбатида, иккитомонлама муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги кўп қиррали алоқалар барқарор ва жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Йил бошидан буён товар айирбошлаш 30 фоизга ошди, қўшма корхоналар сони ва тўғридан-тўғри авиақатновлар миқдори кўпаймоқда. Икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокидаги қўшма лойиҳалар портфели 4 миллиард долларни ташкил этяпти.
Фаол мулоқотни давом эттириш ва бўлажак олий даражадаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш муҳим экани таъкидланди.
Амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва уни кенг кўламли стратегик шериклик даражасига олиб чиқишдан манфаатдорлик билдирилди.