декабр 23, 2023 12:32 Asia/Tashkent
  • Янги қонунга кўра, Ўзбекистонда депутатлар аралаш сайлов тизими асосида сайланади
    Янги қонунга кўра, Ўзбекистонда депутатлар аралаш сайлов тизими асосида сайланади

Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган тегишли қонун асосида Ўзбекистонда депутатлар аралаш сайлов тизими асосида сайланади. 

Ўзбекистон конституцияга киритилган ўзгартиришлар доирасида аралаш сайлов тизимини жорий этмоқда. Жумладан, Сайлов кодексига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Спутник сайтига кўра, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 75 та ҳудудий бир мандатли сайлов округи тузилади;

Депутатликка сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш учун Ўзбекистоннинг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланади;

Хабарга асоссан, Партия рўйхати Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин, ушбу рўйхатга киритилганлар депутатликка номзод мақомини олади ва уларга гувоҳнома берилади;

Партия рўйхатига киритилган номзодлар ушбу сиёсий партиянинг аъзолари ёки партиясиз бўлиши мумкин. Бошқа сиёсий партиянинг аъзолари ушбу рўйхатга киритилиши мумкин эмас;

депутатликка номзодларни танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан белгиланади;

аёлларнинг сони бир мандатли сайлов округлари бўйича, шунингдек партия рўйхати асосида сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини ташкил этиши керак. Бунда партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар 5 нафар номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши лозим.

Шунингдек, ягона сайлов округи бўйича сайланадиган Қонунчилик палатасининг депутатлик ўринлари ушбу сайловда иштирок этган сайловчилар овозларининг 7 ва ундан кўпроқ фоизини тўплаган сиёсий партиялар ўртасида тақсимланади.

Агар сайловда иштирок этган сайловчилар овозларининг 7 ва ундан кўпроқ фоизини фақат битта сиёсий партия тўплаган бўлса, унда депутатлик ўринлари сайловчиларнинг энг кўп овозини тўплаган иккинчи сиёсий партияга ҳам тақсимланади.

Марказий сайлов комиссияси депутатлик мандатларини сиёсий партиялар ўртасида тақсимлаш тўғрисида баённома тузади.

Партия рўйхати бўйича сайланган депутатлар ўртасида депутатлик мандатларини тақсимлаш Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган партия рўйхатига киритилган депутатликка номзодлар кетма-кетлигига мувофиқ амалга оширилади.

Қолаверса, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, Қонунчилик палатасининг камида 5 нафар депутати фракция тузиш ҳуқуқига эга (илгари камида 9 нафар эди).

Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, сайлов комиссиялари тизимига қуйидагилар киради:

Марказий сайлов комиссияси;

ҳудудий сайлов комиссиялари;

туман ва шаҳар сайлов комиссиялари;

халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари;

участка сайлов комиссиялари.

Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис палаталари томонидан 9 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади ва доимий асосда фаолият юритади (илгари 15 нафар эди).

Марказий сайлов комиссиясининг 1 нафар аъзоси Қорақалпоғистон республикаси вакили бўлади.

Қонунга кўра шунингдек, Маҳаллий Кенгашларга сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида 5 йил муддатга ўтказилади.

Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги депутатлик ўринлари сони аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан қуйидагича белгиланади:

аҳоли сони 2 миллион нафаргача бўлган ҳудудларда – 30 тадан 40 тагача;

аҳоли сони 2 миллиондан 3 миллион нафаргача бўлган ҳудудларда – 40 тадан 50 тагача;

аҳоли сони 3 миллион нафардан ортиқ бўлган ҳудудларда – 50 тадан 60 тагача.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик ўринлари сони аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан қуйидагича белгиланади:

аҳоли сони 30 минг нафаргача бўлган ҳудудларда – 10 тадан 15 тагача;

аҳоли сони 30 мингдан 100 минг нафаргача бўлган ҳудудларда – 15 тадан 20 тагача;

аҳоли сони 100 мингдан 300 минг нафаргача бўлган ҳудудларда – 20 тадан 25 тагача;

аҳоли сони 300 минг нафардан ортиқ бўлган ҳудудларда – 25 тадан 30 тагача.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ёрлиқ