Шавкат МИрзиёев МДҲнинг норасмий саммитида иштирок этди
(last modified Wed, 27 Dec 2023 06:57:23 GMT )
декабр 27, 2023 11:57 Asia/Tashkent
  • Шавкат МИрзиёев МДҲнинг норасмий саммитида иштирок этди
    Шавкат МИрзиёев МДҲнинг норасмий саммитида иштирок этди

Шавкат Мирзиёев 26 декабр куни Санкт-Петербург шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида қатнашди.

МДҲга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг норасмий йиғилишида, Россия президенти Владимир Путин, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Беларус президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян қатнашди.

Кун сайтининнг хабар қилишича, учрашувда 2023 йилги кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий якунлари сарҳисоб қилинди ва келгуси йилга мўлжалланган устувор вазифалар кўриб чиқилди. МДҲ доирасида кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда мамлакат Ҳамдўстликда фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон 20 дан ортиқ тармоқ бўйича ҳамкорлик органларига ҳамда устувор соҳа ва тармоқлар бўйича 24 та муҳим битимга қўшилди. МДҲ мамлакатлари компаниялари билан саноат кооперацияси бўйича лойиҳалар портфели 30 миллиард доллардан ошди ва деярли барча тармоқларни қамраб олган.

Ўзбекистон президенти МДҲ доирасидаги амалий ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ва ҳамкорликнинг амалдаги институционал механизмлари самарадорлигини ошириш зарурлигини алоҳида қайд этди.