декабр 28, 2023 12:39 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия ўзаро транспорт йўлагида арзон тарифлар белгилайдилар
    Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия ўзаро транспорт йўлагида арзон тарифлар белгилайдилар

Ўзбекистон, Эрон ва Туркия ўртасидаги янги транспорт коридорида арзон ва рақобатбардош тарифлар белгилламоқчи.

"Ўзбекистон темир йўллари" компанияси Ўзбекистон, Эрон ва Туркия ўртасидаги янги транспорт коридорида арзон ва рақобатбардош тарифлар белгилашини маълум қилди.

Истанбулда "Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия" мультимодал транспорт коридорида иштирок этувчи мамлакатлар темир йўл маъмуриятларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ушбу транспорт йўналишини ривожлантириш билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, муҳокаманинг асосий мавзуси темир йўлда рақобатбардош тарифларни жорий этиш ва йўналиш бўйича транспорт ҳажмини ошириш бўлди.

“Томонлар ушбу йўналиш бўйича транспорт учун арзон ва рақобатбардош тарифларни белгилаш товарлар ва юкларни ташиш ҳажмини оширишга ёрдам беради деган фикрга келишди. Учрашув давомида иштирокчи мамлакатларнинг темир йўл маъмуриятлари ўртасида тегишли баённома имзоланди”, — дейилади хабарда.

Айтилишича, мазкур ҳужжат транспорт коридорини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Чунки у барча томонларнинг ушбу лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун ҳамкорлик ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларга розилигини мустаҳкамлайди.

Эслатиб ўтамиз, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар транспорт вазирларининг 12-йиғилиши доирасида “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия” транспорт коридорини шакллантириш тўғрисидаги баённома имзоланган эди.

Бу йўлак минтақа мамлакатлари ўртасидаги транспорт инфратузилмаси ва савдо алоқаларини ривожлантиришда муҳим элемент ҳисобланади.

Ёрлиқ