Ўзбекистон Бош вазири бошчилигидаги делегация Хитойга борди
29 февраль-1 март кунлари Ўзбекистон Бош вазири бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Хитойнинг Қашғар шаҳрига ташриф буюрди
Спутник сайтининг хабар қилишича, ташриф доирасида 1 март куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони Партқўми котиби Ма Синжуй билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона ҳамда кўп қиррали шериклик муносабатлари юқори даражада ривожланиб бораётгани, бунда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой раиси Си Цзиньпин ўртасидаги яқин, самимий ва биродарлик ришталари муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.
2024-йилнинг январь ойида Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Олий даражадаги учрашув икки томонлама муносабатларнинг янги даврини бошлаб берди. Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилди.