март 30, 2024 13:33 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон 2023 йилда Афғонистонга қанча электр энергияси экспорт қилгани аниқланди
    Ўзбекистон 2023 йилда Афғонистонга қанча электр энергияси экспорт қилгани аниқланди

Ўзбекистон 2023 йилда Афғонистонга 91,2 миллион долларлик электр энергияси экспортини ва 9,6 миллион долларлик электр энергияси транзитини амалга оширди.

Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” компания расмийларига кўра мазкур акциядорлик жамият 2023 йилда Афғонистонга 91,2 миллион долларлик электр энергияси экспортини ва 9,6 миллион долларлик электр энергияси транзитини амалга оширди.

Дарё сайтининг хабар қилишича, 2023 йилда экспорт кўрсаткичлари жами 100,8 миллион долларни ташкил этган. Шунингдек, магистрал электр тармоқлари орқали 71,9 миллиард кВт/соат электр энергияси узатилган.

Сарф-харажатларни қисқартириш йўналиши бўйича, 2023 йилда жами 348,6 миллиард сўм миқдоридаги маблағ иқтисод қилинган, жумладан, инвестиция лойиҳаларини оптималлаштириш ҳисобига 288 миллиард сўм, носоҳавий фаолиятларни оптималлаштириш ҳисобига 29,3 миллиард сўм, харид шартномаларини оптималлаштириш ҳисобига 19,1 миллиард сўм, “Энергиямахсусавто” ташкилотини филиалга айлантириш ҳисобига 1 миллиард сўм тежалган.

Акциядорлик жамиятининг 2024 йилги режалари ҳақида ҳам маълумот берилган. Биринчидан, магистрал электр тармоқлари орқали 74 миллиард кВт/соат электр энергиясини узатиш кутилмоқда.

Иккинчидан, 2024 йилда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан умумий лойиҳа қиймати 1 миллиард 915,7 миллион долларга тенг бўлган 23 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, лойиҳалар доирасида 2024 йил давомида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 430,6 миллион доллар (2023 йил режасига нисбатан ўсиш сурати 270 фоиз) маблағ ўзлаштириш режалаштирилган. Жумладан:

давлат кафолати остидаги чет эл маблағларидан — 164,1 миллион доллар (2023 йил ташқи қарз ўзлаштириш режасига нисбатан ўсиш сурати 178,4 фоиз);

тўғридан тўғри хорижий инвестициялардан — 200 миллион доллар;

корхонанинг ўз маблағларидан — 62,2 миллион доллар;

тижорат банклари кредит маблағлари — 4,3 миллион доллар.

Қолаверса  корхонанинг экспорт кўрсаткичи 2024 йилда 111,8 миллион доллар миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Ёрлиқ