Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 24 -1 апрель кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
-
Тошкент-Сеул алоқаларининг турли йўналишларидаги икки томонлама иқтисодий шерикликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди
- Ўзбекистон президенти АҚШ парламенти делегацияларини қабул қилди
- Мирзаев: Эрон, Покистон ва Россияда содир бўлган терактлар ШҲТ МАТТ олдида турган вазифаларнинг долзарблигини кўрсатди
- Шавкат Мирзиёев ХХРнинг Шинжон-Уйғур автоном региони халқ ҳукумати раисини қабул қилди
- Ўзбекистон 2023 йилда Афғонистонга қанча электр энергияси экспорт қилгани аниқланди
***
25 март кунида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Корея Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Чунг Бён Вон билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатларнинг турли йўналишларидаги икки томонлама иқтисодий шерикликнинг долзарб масалаларига бағишланди.
Аниқ сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон ва Жанубий Корея савдо ва сармоявий ҳамкорликда эришилган кўрсаткичлар алоҳида таъкидланди. Савдо айланмаси 2017 йилдаги 1,3 миллиард доллардан 2023 йилда 2,3 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг дастлабки икки ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга ошди. Охирги беш йил ичида Ўзбекистонда Корея капитали иштирокидаги корхоналар сони икки баробарга ошиб, 983 тага етди, уларнинг ярмидан кўпи, яъни 605 таси – 100 фоиз хорижий капиталга асосланган. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича ишларни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Суҳбатда Ўзбекистон- Жанубий Корея давлатларининг алоҳида стратегик шериклиги нуқтаи назаридан келишувларни ўз вақтида амалга ошириш ва олий даражадаги сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама этилди. Шу нуқтаи назардан, Корея томони Корея ҳукуматининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун молиявий ва техник ёрдамни оширишга ҳамда Ўзбекистонда металлургия, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида йирик инвестиция лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини тасдиқлади.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболлари алоҳида таҳлил этилди. Ҳудудлараро форумларни ишлаб чиқиш ва ўтказиш механизмлари келишиб олинди, улар давомида бизнес вакиллари қўшма имкониятларни муҳокама қилишлари, битим ва шартномалар тузишлари мумкин бўлади.
**
Шавкат Мирзиёев кеча АҚШнинг сенатор Стивен Дэйнс ҳамда Вакиллар палатаси қўмитаси раиси, конгрессмен Майк Рожерс бошчилигидаги делегацияларини қабул қилди.
Ўзбекистон ва АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Кун сайтининг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёев парламентлараро алоқаларни, шу жумладан АҚШ Конгрессида фаолият юритаётган Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус ишини юқори баҳолади.
Ўзбекистонв а АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ошиб бормоқда, 2023 йил якунида у 30 фоизга ошди. Ўзбекистон бозорида муваффақиятли фаолият юритаётган АҚШ компаниялари сони ортмоқда. Мисол тариқасида Ўзбекистонда қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган Air Products компаниясининг фаолияти қайд этилди.
Америкалик қонун чиқарувчилар вакиллик қилаётган Монтана, Алабама, Вашингтон, Калифорния ва Техас штатлари билан фаол амалий ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Таълим, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, тоғ-кон саноати, «яшил» энергетика, фармацевтика, озиқ-овқат тармоғи ва бошқа соҳалар кооперация учун истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.
АҚШ ҳудудлари бизнесининг Ўзбекистонга сафарларини ташкил этишга келишиб олинди.
Xалқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, шу жумладан Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Эслатиб ўтаимз кеча Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кеча АҚШ Вакиллар палатаси делегациясини қабул қилганди.
**
ШҲТ МАТТ ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев “Эрон, Покистон ва Россияда содир бўлган терактлар ШҲТ МАТТ олдида турган вазифаларнинг долзарблигини ва ташкилотимиз салоҳиятини янада ошириш зарурлигини кўрсатди”
Спутник сайтининг хабар қилишича, ШҲТ МАТТ ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси салоҳиятини ошириш зарур деб айтди.
У шунингдек ушбу терактларнинг ташкилотчилари, ижрочилари ва шериклари топилиб, жавобгарликка тортилишига ишонч билдирди.
“Бу фикр ШҲТга аъзо барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланади ва Россия Федерацияси, Эрон Ислом Республикаси ва Покистон Ислом Республикасига қонли жиноятларни тергов қилишда ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёр”, — дея қўшимча қилди ШҲТ МАТТ ижрочи қўмита директори.
“ШҲТ МАТТ ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар разведка хизматлари Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо-кўнгилочар марказида содир этилган даҳшатли террорчилик ҳаракатини тергов қилишда россиялик ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилишга тайёр”, — деди у. деди
Эслатиб ўтамиз бугун Тошкентда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) Кенгашининг 41-мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари делегациялари иштирок этмоқда.
**
Мирзиёев кеча Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном региони (ШУАР) халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон президенти ва ХХРнинг Шинжон-Уйғур автоном региони халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз учрашувида, Ўзбекистон ва Хитойнинг кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш, шу жумладан Ўзбекистон ҳудудлари ва ШУАР ўртасидаги амалий алоқаларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.
Кун сайтига кўра, Ўзбекистоннинг Хитой билан товар айирбошлаш ҳажмининг қарийб 10 фоизи ШУАР ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистон президенти ШУАР етакчи компаниялари билан ҳамкорликдаги инвестиция лойиҳалари портфели 3,5 миллиард долларни ташкил этиб, бугунги кунда “яшил” энергетика ва электротехника, қурилиш тармоғи ва янги турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, металлургия, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа йўналишларни қамраб олади.
ШУАР билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Инновацион технологиялар, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт ва логистика, банк-молия соҳаси, таълим, анъанавий тиббиёт каби бир қатор устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилди.
Ўзбекистон ҳар йили Урумчи шаҳрида ўтказиб келинаётган «Экспо Хитой - Евроосиё» кўргазмасида фаол иштирок этиши қайд этилди.
Учрашувда гуманитар ва туризм алоқаларини ривожлантириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
«Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой» темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
**
Ўзбекистон 2023 йилда Афғонистонга 91,2 миллион долларлик электр энергияси экспортини ва 9,6 миллион долларлик электр энергияси транзитини амалга оширди.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” компания расмийларига кўра мазкур акциядорлик жамият 2023 йилда Афғонистонга 91,2 миллион долларлик электр энергияси экспортини ва 9,6 миллион долларлик электр энергияси транзитини амалга оширди.
Дарё сайтининг хабар қилишича, 2023 йилда экспорт кўрсаткичлари жами 100,8 миллион долларни ташкил этган. Шунингдек, магистрал электр тармоқлари орқали 71,9 миллиард кВт/соат электр энергияси узатилган.
Сарф-харажатларни қисқартириш йўналиши бўйича, 2023 йилда жами 348,6 миллиард сўм миқдоридаги маблағ иқтисод қилинган, жумладан, инвестиция лойиҳаларини оптималлаштириш ҳисобига 288 миллиард сўм, носоҳавий фаолиятларни оптималлаштириш ҳисобига 29,3 миллиард сўм, харид шартномаларини оптималлаштириш ҳисобига 19,1 миллиард сўм, “Энергиямахсусавто” ташкилотини филиалга айлантириш ҳисобига 1 миллиард сўм тежалган.
Акциядорлик жамиятининг 2024 йилги режалари ҳақида ҳам маълумот берилган. Биринчидан, магистрал электр тармоқлари орқали 74 миллиард кВт/соат электр энергиясини узатиш кутилмоқда.
Иккинчидан, 2024 йилда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан умумий лойиҳа қиймати 1 миллиард 915,7 миллион долларга тенг бўлган 23 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, лойиҳалар доирасида 2024 йил давомида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 430,6 миллион доллар (2023 йил режасига нисбатан ўсиш сурати 270 фоиз) маблағ ўзлаштириш режалаштирилган. Жумладан:
давлат кафолати остидаги чет эл маблағларидан — 164,1 миллион доллар (2023 йил ташқи қарз ўзлаштириш режасига нисбатан ўсиш сурати 178,4 фоиз);
тўғридан тўғри хорижий инвестициялардан — 200 миллион доллар;
корхонанинг ўз маблағларидан — 62,2 миллион доллар;
тижорат банклари кредит маблағлари — 4,3 миллион доллар.
Қолаверса корхонанинг экспорт кўрсаткичи 2024 йилда 111,8 миллион доллар миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда.