Ўзбекистон президентининг Тожикистонга давлат ташрифи якунланди
Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи доирасидаги тадбирлар якунланди.
Ўзбекистон раҳбари Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларда янги тарихий босқични бошлаб берган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади.
Кун сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон ва Тожикистон президенлари фармони билан юксак фахрий унвонларга сазовор бўлган икки мамлакат маданият ва санъат арбобларидан бир гуруҳини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Етакчилар биргаликда «Дўстлик оқшоми» концерт дастурини томоша қилди.
19 апрел куни Шавкат Мирзиёев Тожикистон Парламенти қуйи палатаси раиси Маҳмадтоир Зокирзода ва бош вазир Қоҳир Расулзода билан учрашди.
Бундан ташқари Душанбеда бўлиб турган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан пойтахт Экспо марказида ташкил этилган Ўзбекистон саноат кўргазмасига ташриф буюрди
Мирзиёев ва Раҳмон Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси янги биносини тантанали равишда очиб берди ҳамда Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.
Ташриф якунида Шавкат Мирзиёевни Душанбе халқаро аэропортида Имомали Раҳмон кузатиб қўйди. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди.