Ўзбекистон президенти Миср Сенати раисини қабул қилди
Шавкат Мирзиёев кеча, 30 май куни, Миср Араб Республикаси Сенати раиси Абдулваҳоб Абдулрозиқ бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
Ўзбекистон президент матбуот хизматига таяниб, Спутник сайтининг хабар қилишича, учрашув аввалида Сенат раиси Ўзбекистон етакчисига Миср президенти Абддулфаттоҳ ас-Сисининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги кенг қамровли шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Барча даражадаги мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистон ва Миср парламентлараро алоқаларни янада фаол ривожлантириш, қонун чиқарувчи органларда дўстлик гуруҳларини тузиш, олий даражадаги келишувлар ижроси устидан парламент назоратини таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва имкониятларини кенгайтириш бўйича тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Халқаро тузилмалар, жумладан, Парламентлараро иттифоқ, Қўшилмаслик ҳаракати ва Араб парламенти доирасида амалий ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтаимз, Шавкат Мирзиёев 30 май куни, шунингдек, Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирлари йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори Салим ал-Маликни қабул қилди.