Жаҳон банки: Ўзбекистон ЯИМ 2017 йилда 7,4 фоизни ташкил этади
(last modified Sat, 26 Nov 2016 09:29:41 GMT )
ноябр 26, 2016 14:29 Asia/Tashkent
  • Жаҳон банки
    Жаҳон банки

Жаҳон банки прогнозига кўра, Ўзбекистон Ялпи ички маҳсулоти 2017 йилда 7,4 фоизга ўсади. Бу ҳақда ЖБнинг Европа ва Марказий Осиё минтақасига оид йиллик ҳисоботида эълон қилинган.

Унда айтилишича, Ўзбекистон ЯИМ ўсишига хом-ашё нархларининг пастлиги ва республика йирик савдо ҳамкорларининг заиф иқтисодий кўрсаткичлари салбий таъсир этади. Бироқ, мамлакат унинг ўрнини фискал ва монетар сиёсат воситасида тўлдиради. 

Банк экспертларининг тахминларига кўра, аксар меҳнат муҳожирларининг Россиядан қайтгани ҳамда пул ўтказмалари ҳажмининг камайиши меҳнат бозорига босим ўтказмоқда. 

Ўзбекистон йирик савдо ҳамкори ҳисобланган Хитой иқтисодий ўсишининг секинлашуви ва Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулотлари (табиий газ, мис ва пахта толаси) нархининг пасайиши Ўзбекистон ЯИМ ўсиши пасайишига қисман таъсир кўрсатади. 

Жаҳон банки 2016 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ЯИМ 7,3 фоизни ташкил этишини тахмин қилмоқда. Келаси йилда бу рақам 7,4 фоизни ташкил этади. 2018 йилда ҳам бу рақам ўзгаришсиз қолади. 

2016 йилда Ўзбекистондаги пул қадрсизланиши 2015 йилдаги каби 10 фоиз атрофида сақланиб қолади, 2017 йилда инфляция 9 фоизга, 2018 йила 8 фоизга тушади.

2016 йил якунларига кўра жорий амалиётлар бўйича ҳисоб ЯИМга нисбатан 1,1 фоизни ташкил этса, 2017 йилда 1,3, 2018 йилда ҳам 1,3 фоиздан иборат бўлади, дейилади банк ҳиссоботида. 

Банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг умумий қарзи 2015 йилги ЯИМнинг 10,5 фоизидан 2016 ййилда 15,5 фоизига қадар ўсади. 2017 йилда мамлакат қарзи 13,9 фоизга, 2018 йилда 12,1 фоизгача пасаяди. 

Ўзбекистон ҳукумати эса, 2016 йилги ЯИМ даражаси 2015 йилги 8 фоиздан фрақли равишда 7,8 фоизни ташкил этишини тахмин қилмоқда.