Ўзбекистон Президент администрацияси собиқ мулозимига суиқасд бўйича қидирувда бўлган шахс қўлга олинди
Бу жиноятни содир этишга алоқадор бўлганлар сони жами 7 кишини ташкил этмоқда. Шу вақтгача улардан 5 нафари қамоққа олинганди, қидирувда бўлган икки кишидан бири Қозоғистонда, бошқаси Жанубий Кореяда қўлга олинди.
Кун сайтининг хабар қилишича, «Бош прокуратура томонидан Қибрай туманида Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган қотилликка суиқасд қилиш билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов ҳаракатлари давомида ҳодиса содир бўлган жойни ва айбланувчилар бошқарувида бўлган автомашиналарни кўздан кечириш ҳамда улар истиқомат қилган хонадонларда ўтказилган тинтувларда ишга алоқадор бўлган ашёвий далиллар аниқланиб олинди.
Ўтказилган тергов ва тезкор–қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этишга алоқадор бўлган жами 7 нафар шахс аниқланиб, 5 нафарига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди, шунингдек, 2 нафарига нисбатан қидирув эълон қилинган эди.
Қидирувда бўлган айбланувчи К.С.нинг Қозоғистон Республикасида яширинган манзили аниқланиб, унинг иштирокида тергов ҳаракатлари олиб борилди.
Шунингдек, қидирувда бўлган айбланувчи Жавлон Юнусов Жанубий Корея Республикасида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинди», дейилади хабарда.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.