Абдулазиз Комилов ШҲТ Бош котиби билан учрашди
Абдулазиз Комилов ШҲТ Бош котиби билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ сайтида маълум қилинди.
Рашид Алимов 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайловида иштирок этиш учун ШҲТ Кузатувчилар миссиясига бош бўлиб Ўзбекистонга ташриф буюрган.
Суҳбат чоғида ташкилотга аъзо давлатлар ва ШҲТ Котибияти вакилларидан иборат Кузатувчилар миссияси фаолиятининг амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, ШҲТни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари ҳамда июнь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Давлат раҳбарлари кенгаши қарорларининг ижро жараёни ҳам муҳокама қилинди.
2001 йилда ташкил этилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. 2015 йилда ШҲТга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш жараёни ишга тушган. Арманистон, Озарбойжон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка ҳамкор мамлакатлар ҳисобланади.