Моселда ан-Нурий масжидини озод этиш амалиётида юзлаб террорчилар ҳалок бўлди
Ироқнинг Мосел шаҳрида Ан-Нурий масжидини озод этиш амалиётида 600 нафардан кўпроқ ИШИД террорчилари ҳалок бўлди
Ироқнинг терроризм билан кураш олиб бориш бўйича полиция қўмондонига кўра, Моселда Ан-Нурий масжидини озод этиш амалиётида 600 нафардан кўпроқ ИШИД террорчилари ҳалок бўлди.
Меҳр ахборот агентлигининг хабар қилишича, Ироқнинг терроризмга қарши курашиш бўйича полиция қўмондони Абдулғаний ал-Асадийнинг маълумот беришича, ИШИД террорчилари ҳар қанча уринмасин барибир, Ироқ кучларининг олдинга қараб юришларини тўхтата олишмади.
Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ибодий Мўсул шаҳри ИШИД жангариларидан тўла озод этилгани ҳақидаги хабарга муносабат билдириб ўтди.
«Биз ИШИДнинг тугашини кўриб турибмиз, Мўсулнинг озод этилиши бу сўзларимни тасдиқлайди. Биз тўхтамаймиз, бизнинг жасур ҳарбийларимиз узил-кесил ғалабага эришадилар», — дея таъкидлади.
Шунингдек, у Ироқ ИШИДнинг охирги террорчиси ўлдирилмагунича ёки жавобгарликка тортилмагунича курашни давом эттиришини қўшимча қилган.
29 июнь тонгида ироқлик ҳарбийлар шаҳарнинг тарихий қисмидаги Ан-Нурий масжидини эгаллаган, айнан шу ерда 3 йил муқаддам ИШИД террорчилик гуруҳининг етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий «халифалик» тузилгани ҳақида эълон қилган эди.
Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри, мамлакат шимолида жойлашган Мўсул ИШИД томонидан 2014 йил июнида босиб олинган эди. Шаҳарни озод этиш учун ҳарбий амалиёт ўтган йилнинг 17 октябрида бошланганди.