Турк-араб уюшмаси Арабистон раҳбариятини айблади
(last modified Sun, 21 Oct 2018 05:07:37 GMT )
октябр 21, 2018 10:07 Asia/Tashkent
  • Турк-араб уюшмаси Арабистон раҳбариятини айблади
    Турк-араб уюшмаси Арабистон раҳбариятини айблади

Саудия Арабистони раҳбарияти журналист Жамол Қошиқчининг ўлими учун жавобгар. Бундай фикрни турк-араб оммавий ахборот воситалари уюшмаси раҳбари Турон Қишлоқчи айтиб ўтди.

“Қадрдон дўстимиз, журналист, уюшмамиз аъзоси қонхўр қотиллар томонидан ваҳшиёна ўлдирилди. Жамолнинг ўлими нафақат минтақа, балки бутун дунё эътиборини тортди. Биз унинг қотиллари жазоланишини истаймиз. Бироқ биз нафақат 18 кишининг, балки бундай буйруқни берган ҳукуматнинг жазоланишини ҳам истаймиз”, деб айтган Қишлоқчи.

У Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга ушбу ишнинг тергов қилинишидаги кўмак учун миннатдорлик билдирган ҳамда Саудия Арабистонининг Қошиқчи ўлими бўйича берган баёнотининг “ҳақиқатдан йироқ”лигини айтган.  

“Биз Жамол оиласи хавфсизлиги таъминланишига чақирамиз ва асосийси – одил судловни талаб қиламиз. Қирол Салмон буни қила олишига шубҳа билдирмаймиз. Бироқ уни бу масалада қўллаб-қувватлаши керак бўлган қироллик оиласини оқилликка чақирамиз”, деб айтилган Қишлоқчи баёнотида.  

“Биз Дональд Трампнинг қурол сотувчилар манфаатини ҳимоялаш мақсадида берган баёнотини АҚШ жамияти учун муваффақиятсиз ва шармандали деб ҳисоблаймиз. АҚШ конгрессининг нуфузли аъзолари қўллаб-қувватлашига умид қиламиз”, деб таъкидлаб ўтган Қишлоқчи.

У журналистнинг ўлими “дунёни ўзгартириши”га умид билдирган. “Яқин Шарқнинг репрессив тузумлари журналистларнинг фаолиятига бошқа бундай осонликча аралашмайди. Журналистларга ҳужумлар тўхтайди ва Жамолнинг ўлими минтақамизда ҳурфикрлик ва журналистиканинг тикланишига туртки бўлади”, дейилган баёнотда.

Аввалроқ Саудия Арабистони бош прокурори Қошиқчи Саудия Арабистони консуллигидаги низо оқибатида ўлганини айтган. Ушбу иш бўйича 18 саудиялик қўлга олинган ва валиаҳд шаҳзоданинг бош ёрдамчилари – умумий разведка хизмати раҳбари ўринбосари Аҳмад Асирий ва қироллик девонхонаси маслаҳатчиси Сауд Ал-Каҳтаний ўз лавозимларидан четлатилган.