феврал 21, 2017 18:50 Asia/Tashkent
  • Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин
    Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин 64 ёшида вафот этди. Россия ТИВ маълум қилишича, у Нью-Йоркда оламдан ўтган.

Кун.ўз сайти хабарига кўра, «Россия ТИВ катта афсус билан маълум қиладики, 20 февраль куни 65 ёшга ўтишига 1 кун қолган кунда, Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин Нью-Йоркда тўсатдан вафот этди», — дейилган вазирлик хабарида.

Қўшимча қилинишича, у иш вақтида жон берган. Вазирлик Чуркиннинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган.

Чуркин 1952 йилда Москвада туғилганди.

У дипломатик фаолиятини 1974 йилда бошлаган, 1992-1994 йилларда РФ ТИВ раҳбарининг ўринбосари сифатида ишлаган. 1994-1998 йилларда Россиянинг Бельгия қироллигида элчиси, 1998-2003 йилларда Россиянинг Канададаги элчиси бўлган.

2006 йилнинг 8 апрелидан Россиянинг БМТ ва Хавфсизлик Кенгашидаги махсус вакили сифатида фаолият кўрсатиб келаётганди.

Виталий Чуркиннинг ўлими сабаби бўйича илк тахмин билдирилди

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин юрак хуружи натижасида ҳаётдан кўз юмгани айтилди.

Манбага кўра, дипломат Россия элчихонаси биносида бўлган, маҳаллий вақт билан соат 9:30лар атрофида у юрак соҳасида оғриқ сезган. 

Виталий Чуркин зудлик билан шифохонага етказилган. Бироқ шифокорларнинг ёрдамига қарамай, ҳаётдан кўз юмган. 

Ёрлиқ