Россияда мухолифатчи Алексей Навальний томонидан норозилик акциялари ўтказилди
Россияда коррупцияга қарши намойишлар бўлиб ўтди
Якшанба куни Москвада мухолифатчи Алексей Навальний томонидан ташкиллаштирилган келишилмаган норозилик акциялари ўтказилди. Илгарироқ Москва ҳокимияти пойтахт марказида 26 март куни намойиш ўтказишга рад жавоби бериб, намойишчиларга Сокольники ёки Люблинодаги ҳудудларни тавсия этишган эди, бироқ мухолифат буни рад этган. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Москва марказидаги кўчага инсонларни чиқишга чорлаш фитнадан бошқа нарса эмаслигини таъкидлаган. Пойтахтда ўтган норозилик акциялари давомида полиция томонидан қўлга олинган намойишчилар сони мингдан ортган. Акция давомида полициячилардан бири бошидан жароҳатланган.
Россияда мухолифатчи Алексей Навальний томонидан асос солинган "Коррупцияга қарши курашиш фонди" офисида ўтказилган тинтувдан сўнг барча техникалар олиб чиқиб кетилган, хонанинг ўзи эса муҳрлаб қўйилган. Навальнийнинг ўзи эса аксилкоррупция намойишида ушланган мингга яқин намойишчилар қатори кўчада ушланиб, полиция бўлинмасида тунни ўтказган.
Ушланганларнинг аксариятига митинглар ўтказиш қоидаларини бузганлик ёки ҳуқуқни муҳоаза қилиш органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсинмаслик моддалари бўйича маъмурий баённомалар тузилган. Баённомалар тузилгач, ушланганларни қўйиб юборишган, уларнинг бир қисми ички ишлар бўлинмасида тунаш учун олиб қолинган.
Алексей навальний чақириғига биноан ўтказилган аксилкоррупция норозилик намойишлари 26 март куни бутун Россия бўйлаб ўтказилди. Навальний фондининг мамлакат бош вазири билан боғлиқ кўчмас мулк ва бошқа бойликлар ҳақидаги суриштирув ҳаракатлари норозилик намойишлари учун асос бўлди.