Покистонда теракт қурбонларининг сони ошмоқда
Покистоннинг Парачинор шаҳридаги портлаш
Берилган хабарларга кўра, бугун Покистоннинг шимоли-ғарбидаги Парачинор шаҳрида жойлашган шиа мусулмонлари масжиди ёнидаги бозорда автомобилга ўрнатилган бомба портлаши қайд этилди. Бунинг натижасида камида 22 киши ҳалок бўлди, 70 нафардан ортиғи жароҳат олди.
Аввалги хабарларда қурбон бўлганларнинг сони 12 нафар ва яраланганларнинг сони эса 50та эканлиги маълум қилинган эди.
Ушбу террорчилик ҳужуми Парачинордаги шиалар масжиди ёнида, Нур бозори яқинида амалга оширилган. Маҳаллий телевидениеда портлаш қурбонларининг тез тиббий ёрдам машиналари ва хусусий транспорт воситаларида олиб кетилаётгани кўрсатилган.
Терактдан кейин мазкур шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинган ва полиция кучлари жанговар ҳолатга келтирилган.
Покистон бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф ушбу террорчилик ҳаракатини қоралаган.
Парачинор шаҳрида амалга оширилган теракт масъулиятини Покистон "Толибон" гуруҳининг бир бўлими бўлган "Жамоатулаҳрор" террорчи гуруҳи зиммасига олган.