БМТ Бош котиби Курдистон мустақиллигига қарши эканини билдирди
БМТ Бош котиби Антонио Гуттериш 17 сентябрь куни Курдистон мухториятининг Ироқдан мустақил бўлиш юзасидан референдум ўтказишига қарши эканини билдирди.
Гуттериш Курдистон мустақиллиги Ироқ ҳудудий яхлитлигини бузибгина қолмай, балки "Ислом давлати" гуруҳига қарши курашнинг сусайишига ҳамда бу гуруҳ томонидан босқинчилик фаолиятининг кучайишига сабаб бўлишини алоҳида таъкидлади.
“Бош котиб Ироқдаги барча сиёсий кучларни бу масалага сабр-тоқат билан ёндашувга чақиради”, дейилади БМТ томонидан эълон қилинган баёнотда.
Бундан аввалроқ Ироқ, Эрон ва Туркия ҳукумати ҳам курдистон мустақиллигига қарши эканликларини билдирган эдилар. Жумладан, Туркия президенти Эрдўғон 17 сентябрь куни Истанбулда журналистларга:
-Биз бу масалани 27 сентябрдан 22 сентябрга кўчирилган Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишида муҳокама қиламиз. Шу куни ҳукумат мажлиси ҳам ўтказилади. Унда ҳам бизнинг позициямиз муҳокама қилиниб, кейин якуний қарор қабул қилинади. Бу масала президент Дональд Трамп билан ўтадигнан учрашув кун тартибига ҳам киритилган,- деб билдирди.
Курдистон мухторияти ҳукумати 25 сентябрь куни мустақиллик тўғрисида референдум ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган.