Москвада мигрантлар учун патент қимматлади
Москва шаҳар Думаси патентни 7 фоиз кўтаришга қарор қилган. Энди патент тўлови 4200 рублдан 4500 рублга оширилган.
Москва шаҳри ҳокими Сергей Собяниннинг мигрантлар учун меҳнат патенти тўловини ошириш таклифини шаҳар Думаси маъқуллаган.
Москва Думаси меҳнат муҳожирлари учун патент тўловини оширишда мигрантлар маошларини инобатга олган.
Россия оммавий ахборот воситалари Москва шаҳар Думасининг иқтисодий сиёсат бўйича департаменти раҳбари Владимир Ефимовдан иқтибос келтирганлар.
Дума депутатлари Москва мэри Собяниннинг йиллик ҳисоботини маъқуллар эканлар, Владимир Ефимов патент тўлови миқдорини оширишда меҳнатга ҳақ тўлашнинг минтақавий ўзига хослиги инобатга олинганини айтган.
"Мигрантларнинг маошлари секин суръатларда ўсаётганини эътиборга олиб биз коэффициентни 7 фоиз, шу тариқа мигрантлар учун патент қийматини 4500 рублга оширишни таклиф қиламиз", дея Владимир Ефимовдан иқтибос келтирилмоқда.
Москва шаҳар Думаси аъзолари айтишларича, мигрантлар учун патент тўлови сўнгги икки йилда оширилмаган.
Бироқ аксар меҳнат муҳожирлари ишлайдиган соҳаларда маошлар 14 фоиз оширилгани хабар қилинган.
Экспертлар эса патент тўловининг оширилиши нолегал мигрантлар сони кўпайишига олиб келади, дея тахмин қилмоқдалар.
25 октябрь куни Москва шаҳри мэри Сергей Собянин Россия пойтахтига мигрантлар оқимини камайтириш учун патент тўловини ошириш таклифини илгари сурди.
"Бизга қолса, шаҳарда мигрантлар бўлмасин, ҳамма ишларни москваликларнинг ўзлари бажарганлари маъқул. Бироқ бизда 2 миллион иш ўринлари бўш ва москваликлар хоҳлаганларида ҳам жисмонан бажаришга қодир эмас. Мен бу йил мигрантларнинг патентлари тўловларини ошириш мумкин, деб ҳисоблайман", деб айтган Сергей Собянин.
4500 Россия рубли 26 октябрь куни 78 АҚШ долларига тенг бўлган.