ХХР раиси Хитойни умрбод бошқариши мумкин
-
ХХР раиси Хитойни умрбод бошқариши мумкин
Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши депутатлари - қонун чиқарувчи олий орган - Хитой Халқ Республикаси раиси лавозимини эгаллашга чекловларни бекор қилди. Бу ҳақда Исна ахборот агентлиги хабар берди.
Бугунги кунга қадар ушбу лавозимларни кетма-кет икки муддатдан ортиқ эгаллаш мумкин эмас эди. Энди эса, бош котиб Си Жинпинг иккинчи муддати тугагач, 2023 йилдан кейин ҳам ўз лавозимида қолиши мумкин.
Хитойнинг олий қонунчилик органи - Бутунхитой халқ вакиллари йиғини сессиясида депутатлар мамлакат Конституциясига киритилган тузатишни тасдиқлашди. Асосий қомусдан ХХР раиси ва унинг ўринбосари лавозими муддати бўйича чеклов ҳақидаги банд олиб ташланди.
Депутатларнинг деярли барчаси чекловнинг бекор қилиниши учун овоз беришган. Фақат икки нафар депутат қарши бўлган, уч киши бетараф қолган, бир бюллетен ҳақиқий деб топилмаган. Янги таҳрирдаги Конституцияни жами 2858 киши маъқуллаган.
Хитой Халқ республикасининг ҳозирги раҳбари Си Жинпинг мамлакатни 2013 йилдан буён бошқариб келмоқда. Янги Конституцияга кўра, у 2023 йилда ҳам қайта сайланиши мумкин бўлади.
Одатда раис иккинчи муддатда бошқарувга киришишидан олдин сиёсий бюронинг таркибига ХХР раисининг бўлғуси ўринбосари ҳам киритилар эди. Аммо 2017 йил октябрида ўтказилган компартия съездида бундай бўлмаганди.