Хитой Ким Чен Иннинг қарорини маъқуллади
(last modified Sat, 21 Apr 2018 11:26:56 GMT )
апрел 21, 2018 16:26 Asia/Tashkent
  •  Хитой Ким Чен Иннинг қарорини маъқуллади
    Хитой Ким Чен Иннинг қарорини маъқуллади

Хитой ТИВ расмий вакили Лу Каннинг маълум қилишича, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг ядровий синовларни тўхтатиш ҳақидаги қарори ярим орол ядросизланишига туртки беради. Бу ҳақда Эрон ислом жумҳурияти ахборот агентлиги хабар берди.

Хитойнинг фикрича, Шимолий Корея тегишли қарори Корея ярим оролидаги вазиятнинг юмшаши ва ядросизланиш жараёнининг илгари сурилишига туртки беради, - дея маълум қилди Лу Кан. Шунингдек унинг таъкидлашича, Хитой ярим оролдаги вазиятга ечим топиш жараёнида фаол ўрин тутиш ниятида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ким Чен Ин Пхеньян ядро ва ракета синовларини тўхтатаётгани, шунингдек ядровий синов майдончасини ёпаётгани ҳақида маълум қилган эди.

 Шимолий Корея етакчиси Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитасининг ялпи мажлисида шундай баёнот билан чиқди. «Шимолий Корея 21 апрелдан ядровий синовлар ва қитъалараро баллистик ракеталар учиришни тўхтатади», - дейилади хабарда. АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам Ким Чен Иннинг баёнотига муносабат билдирди. 

АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг Шимолий Кореяда ядровий ва ракета синовларини тўхтатиш ҳақидаги қарорини «яхши янгилик» деб атади. Унинг қўшимча қилишича, энди Ким Чен Ин билан учрашувни кутмоқда.

Сеул ҳам Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг ядровий ва ракета синовларини тўхтатиш ҳақидаги баёнотини жиддий ижобий ўзгариш деб ҳисоблади.