Россия президенти этиб сайланган Владимир Путин ўз лавозимига киришди
https://parstoday.ir/uz/news/world-i33296
 Жорий йилнинг 18 март кунида Россияда бўлиб ўтган президент сайловида ғолиб чиққан Владимир Путин Катта Кремль саройидаги инаугурация маросимида қасамёд келтирди.
(last modified 2025-06-23T12:36:26+00:00 )
май 08, 2018 12:19 Asia/Tashkent

 Жорий йилнинг 18 март кунида Россияда бўлиб ўтган президент сайловида ғолиб чиққан Владимир Путин Катта Кремль саройидаги инаугурация маросимида қасамёд келтирди.

     Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз "Россия президенти этиб сайланган Владимир Путиннинг ўз лавозимига киришгани”га доир мавзуга бағишланади.     

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

       Жорий йилнинг 18 март кунида Россияда бўлиб ўтган президент сайловида ғолиб чиққан Владимир Путин Катта Кремль саройидаги инаугурация маросимида қасамёд келтирди. Путин ўнг қўлини РФ Конституциясига қўйиб, қасамёд матнини қайтарган. Президентлик қасамёдининг ўттиз учта сўзи, худди давлат раҳбари мақоми каби, Конституциянинг тўртинчи бўлимида белгилаб қўйилган: "Россия Федерацияси президенти вазифасини бажаришда инсон ва фуқаро ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳурмат ва муҳофаза қилиш, Россия Федерацияси Конституциясига риоя этиш ва ҳимоя қилиш, давлат суверенитети ва мустақиллиги, хавфсизлиги ҳамда яхлитлигини ҳимоя қилиш, халққа ҳалол хизмат қилишга қасамёд қиламан" деб ўқиб берган. Унинг сиёсий фаолиятида ушбу инаугурация маросими тўртинчиси бўлди. Энди у иккинчи бор 6 йиллик муддатга Россия президенти вазифасини бажаришга киришди. Унинг ваколатлари 2024 йил 7 майгача давом этади.

      Путин Россияни келаётган олти йил давомида бошқаради. Инаугурация Катта Кремль саройида бўлиб ўтди, унга беш мингдан ортиқ киши ташриф буюрди. Маросимда иштирок этувчилар рўйхати президент протокол хизмати билан аниқланган. Маросимда ҳукумат аъзолари, Дума депутатлари ва Федерациялар Кенгаши вакиллари, президент маъмурияти раҳбарлари, Конституцион суд судьялари, дипломатик корпус ходимлари қатнашди. Путин россияликларга мурожаат билан ҳам чиққан. Унинг таъкидлашича, "халқ ва Россия олдидаги жуда катта масъулиятини тушунади" ва “мамлакат келажаги тинч ҳамда фаровон бўлиши учун барча ишни” қилади. Президент “инсонлар ва Ватанга хизмат қилишни” ўз ҳаёти мақсади деб атаган. Унинг қайд этишича, "Россия қудратли бўлади, одамлар эса яхшироқ яшай бошлайди". У россияликларга сайловларда ўз номзодини қўллаб-қувватлашгани учун миннатдорчилик ҳам билдирган. Давлат раҳбари ҳозирги вақтга “шиддатли ўзгаришлар даври” деб баҳо берди ҳамда мамлакатнинг барча соҳаларда катта ўзгаришларга муҳтожлигини таъкидлаб ўтди.

     Путин 2000 йилда президент бўлди, 2004 йилда у янги муддатга қайта сайланди. У 2008 йилги сайловларда иштирок этмади, сабаби, Конституцияга кўра, бир киши қаторасига уч маротаба ўз номзодини қўйиши мумкин эмас эди. Путин Дмитрий Медведевни президентликка номзод сифатида қўллаб-қувватлаб, 2008 йилнинг майида мамлакат бош вазири лавозимини эгаллади. Ўша йили Конституцияга ўзгартиришлар киритилди, уларга кўра президент энди тўрт эмас, балки олти йилга сайланади. Путин 2012 йилда яна давлат раҳбарига айланди, 2018 йил 18 март кунида бўлиб ўтган президент сайловида рекорд кўрсаткич билан ғалаба қозонди – 56 миллиондан кўпроқ сайловчилар яъни сайловда иштирок этганларнинг 76,6 фоизи унга ўз овозини берди.

     Ушбу Инаугурация маросими замонавий Россия тарихида еттинчиси бўлди.  Россия президенти Владимир Путин Давлат думасига Дмитрий Медведев номзодини ҳукумат раиси этиб тайинлаш учун розилик олиш мақсадида киритди. Аввалроқ Россия ҳукумати президент инаугурациясидан сўнг истеъфога кетганини эълон қилган эди. «Россия Конституциясининг 116-моддаси ва «Россия ҳукумати тўғрисида»ги Федерал конституциявий қонуннинг 35-моддасига мувофиқ Россия ҳукумати янги сайланган президент олдида ўз ваколатларини топширади». Вазирлар маҳкамасининг янги таркиби тасдиқлангунига қадар эски ҳукумат президент топшириғига кўра ишлайди. Россия бош вазири вазифасини бажарувчи Дмитрий Медведев “Единая Россия” партияси депутатлари билан учрашувда вазирлар маҳкамасининг янги таркибига номзодларни таклиф қилди. Медведев депутатлар билан маслаҳатлашувларни Россия президенти Владимир Путин бош вазир лавозимига унинг номзодини таклиф қилгандан кейин бошлаган.

    Давлат думаси Путиннинг таклифини 8 майдаги ялпи мажлисда кўриб чиқади. Путин 2024 йилгача ҳукумат бажариши керак бўлган вазифаларни белгилаб берди. Россия президенти Владимир Путин Россиянинг 2024 йилгача бўлган давр учун миллий мақсадлари ва стратегик вазифалари ҳақидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда бир неча йил учун мамлакатни ривожлаништиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Жумладан, Путин ҳукумат олдига мамлакатда беморлар ҳуқуқларини ҳимоялаш тизимини шакллантириш, фуқароларнинг қулай шаҳар муҳитини шакллантиришдаги бевосита иштироки механизмларини яратиш, туғилиш даражасини ошириш ва йирик шаҳарлар ўртасида тезкор ҳамда ўта тезкор темир йўл алоқасини ривожлантириш вазифаларини қўйган. Путин охирги марта Россиянинг стратегик вазифалари рўйхатини 2012 йил майида имзолаган эди.

     “Май фармонлари” деб аталувчи ўша ҳужжат давлат хизматчилари маошини, ялпи ички маҳсулотга инвестициялар улушини, меҳнат унумдорлигини ошириш, 25 млнта иш ўрни яратиш вазифаларини ўз ичига олганди. 2017 йил декабрда Путин ўшанда қўйилган мақсадларнинг 90  фоизидан кўпроғига эришилганини маълум қилган эди. Сайлов натижалари Владимир Путин раҳбарлигида амалга оширилаётган ҳар томонлама ўйланган, Россия жамиятини бирлаштириш, одамлар турмуш даражасини юксалтириш, иқтисодиёт, инфратузилма ва давлат бошқарувини модернизация қилиш, давлат суверенитетини қатъий ҳимоя қилиш ва Россия Федерациясининг жаҳонда муҳим ўрин тутган давлат сифатидаги ролини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатга Россия халқи томонидан улкан ишонч билдирилаётгани ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор намойиш этгани қайд этилган.

   Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.  Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.