Химиявий қуролларни тақиқлаш ташкилотининг фаолиятларига нисбатан танқидлар
Россиянинг қуролли кучларининг химиявий, биологик ва лазерни муҳофаза қилиш кучларининг қўмондони полковник Игор Криловга кўра, ғарб мамлакатлари Химиявий қуролларни ман этиш ташкилотидан бошқа мамлакатларга қарши қаттиқроқ оҳангдаги қарор қабул қилишда бир сиёсий восита сифатида фойдаланишади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз "Химиявий қуролларни тақиқлаш ташкилотининг фаолиятларига нисбатан танқидлар”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Россиянинг қуролли кучларининг химиявий, биологик ва лазерни муҳофаза қилиш кучларининг қўмондони полковник Игор Криловга кўра, ғарб мамлакатлари Химиявий қуролларни ман этиш ташкилотидан бошқа мамлакатларга қарши қаттиқроқ оҳангдаги қарор қабул қилишда бир сиёсий восита сифатида фойдаланишади. Ушбу рус расмийсининг айтишича, ҳақиқатдан йироқ бўлган нореал ва тасдиқланмаган манбаларга таяниб маълумотлар йиғиши, таҳлил қилиш ва Россия химиявий қуроллар ишлатиладиган жойларга инпекторларни жўнатмасдан туриб, асоссиз ҳужжатлардан фойдаланиш, бевосита химиявий қуролларни тақиқлаш конвенциясининг бандларига зиддир. Россия расмийларининг ушбу баёнотлари эълон қилинмасдан олдин, Америка, Британия, Франция ва уларнинг иттифоқчилари яна бир бор халқаро ҳамжамиятни ва омма афкорини чалғитиш мақсадида, Сурияни химиявий қуролларни қўллашда айблашмоқда.
Ваҳоланки, ғарб мамлакатлари Сурияда террорчилар ва қуролли исёнчиларнинг ҳанузгача фаол ҳаракатда эканлигини билишсада, лекин сукут сақлаб туришади ва ўзларининг эътирозларини билдиришмайди. Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, Химиявий қуролларни тақиқлаш ташкилоти ИШИД террорчилик гуруҳининг Ироқнинг Мосел шаҳрида химиявий моддаларни ишлатишига нисбатан ҳеч қандай баёнот бермасдан жимгина сукут сақлаб туришни афзал кўрди ва ҳатто ташкилотнинг текширувчи инспекторларини ҳодиса жойига сафарбар этмади ва террорчилар томонидан амалга оширилган мазкур жиноятларни қоралаш бўйича ҳеч қандай муносабат ҳам билдиришмади. Шунингдек, химиявий қуролларни тақиқлаш ташкилоти одатда Россия ва Ироқ сингари мамлакатлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларга эътибор ҳам қаратишмайди. Аммо, ҳеч қандай далил исботсиз ижтимоий тармоқларда Сурияга қарши тарқалган иддаоларда зудлик билан муносабат билдириб, Сурия давлатини химиявий қуролларни ишлатишда айблайди ва муҳокама этиш учун кун тартибига кўтариб чиқади. Америка қўшма штатлари ва ғарб мамлакатлари Сурияда химиявий қуролларни қўллаш ҳақиқатларини бузиб кўрсатиб, Сурия давлатини ўз фуқароларига қарши химиявий қуролларни ишлатишда айблаб, ушбу мамлакатга қарши ракета ҳужумларини амалга оширишди. Бундай ҳаракатлар эса, халқаро қонунлардан мустақил мамлакатларга қарши ошкора фойдаланиш ҳисобланади.
Бошқа томондан эса, террорчиларнинг тақиқланган уруш воситаларидан кўп маротаба фойдаланишлари ўз тасдиғини топишига қарамай, АҚШ ва террорчиларнинг бошқа хомийлари ушбу мавзунинг Бирлашган миллатлар ташкилотининг хавфсизлик кенгашида муҳокама этилишига қаршилик кўрсатишди. Ҳолбуки, Сурия Бирлашган миллатлар ташкилотининг назорати остида ўзининг барча химиявий қуролларини йўқ қилган эди. Лекин, шунга қарамай, ғарб мамлакатлари Сурия давлатини химиявий қуролларни ишлатишда айблаб келишади. Россия ташқи ишлар вазирлигининг ядровий қуролларни тарқатишни ман этишни назорат қилиш бошқармасининг бошлиғи Михаил Уляновнинг маълум қилишича, Бирлашган миллатлар ташкилоти ва Химиявий қуроллардан фойдаланишни тақиқлаш ташкилотининг қўшма комиссияси, Сурияда содир этилаётган химиявий ҳужумларга нисбатан кескин чоралар кўриш мақсадида ўзларининг вазифаларига амал қилишмайди. Бирлашган миллатлар ташкилоти ва ушбу ташкилотга қарашли бошқа идоралар ва муассасалар йирик қудратли давлатларга молиявий ва сиёсий қарамлиги боис, аксарият ҳолларда уларнинг позицияларини ва нуқтаи назарларини қабул қилишга мажбур бўлишади.
Халқаро ташкилотларнинг сиёсий ва молиявий боғлиқликлари мавжуд бўлар экан, шу каби иллатлар ва ёндашувлар давом этаверади. Шундан келиб чиқиб, Сурия давлатининг террорчилар ва қуролли исёнчиларга қарши олиб бораётган курашлари муваффақиятли давом этаркан, Сурия армияси томонидан химиявий қуроллар ишлатилди деган иддаолар ҳам давом этаверади. Араб-ғарб мамлакатлари томонидан ташкил этиладиган коалицияларнинг Сурия юртида ҳарбий аралашувларига замин яратиш мақсадида, ушбу мавзу оммавий ахборот воситаларида бўртириб кўрсатилади ва кенг ёритилади. Химиявий қуролларни тақиқлаш ташкилотининг принципсиз ва бир-бирига қарама-қарши бўлган позицияда бўлиши ва фаолият юритиши, Россия расмийларининг янада хавотирланишларига сабаб бўлмоқда.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.