Францияда терма жамоанинг ЖЧ-2018’даги ғалабасидан кейин тартибсизликлар юз берди
Франциянинг бир қатор шаҳарларида миллий терма жамоанинг ЖЧ-2018’даги ғалабаси нишонланиши вақтида тартибсизликлар юз берди. Бу ҳақда Ройтерз агентлиги хабар беради.
Parisien нашрининг ёзишича, Парижда Елисей майдонлари атрофида тартибсизликлар юз берган. Мухлислар дўконлар пешойналарини синдиришган, декорацияларни бузишган, шиша идишлар отишган. Полиция одамларни тарқатиш учун кўзни ёшлатувчи газ, сўнгра сувпуркагичлар қўллашга мажбур бўлган.
France Info радиостанцияси маълумотларига кўра, Лионда ҳам фан-зона яқинида бўш банкаларни полицияга улоқтирган мухлисларга қарши кўзни ёшлатувчи газ қўлланган. Кейинроқ воқеа жойига чиқинди бакларини ўчириш учун ўт ўчириш бригадалари етиб келган.
Марселда полиция тақиқланган тутун снарядлари ва петардалар отилишини тўхтатиб қолган. 7 киши ушланган.
Россияда ўз поёнига етган жаҳон чемпионати финалида Франция Хорватияни 4:2 ҳисобида мағлуб этиб, ўз тарихида иккинчи бор чемпионлик унвонини қўлга киритди.