Ҳабиб муштлашув уюштирганининг сабабини айтиб берди
Ҳабиб жангдан кейинги матубуот анжуманида муштлашувни дини, ватани ва отасининг ҳумати учун уюштирганини айтиб берди.
Октагонда расмий жанг тугаганидан сўнг, енгилган рақиб жамоаси аъзолари Ҳабибни ҳақорат қилишга тушишди. Бунга чидаб тура олмаган Ҳабиб октагон деворидан сакраб ўтиб Макгрегорнинг Жиу-житсу бўйича тренери Диллон Дэнис ва бошқа секундантлари билан муштлашиб кетди. Уларни бир зумда полиция ва хавфсизлик хизмати ходимлари ўраб олишди.
Ҳамманинг нигоҳи бир тарафда бўлган пайтда Ҳабиб жамоаси секундантлари октагон деворидан ичкарига кириб Макгрегорга бир неча зарба беришга улгуришади.
Оқибатда чемпионлик камарини тақдим этиш маросими октагон ичида, омма олдидан эмас трибуналар остида тренерлар иштирокида бўлиб ўтди. Октагонда эса фақат Ҳабибнинг ғалабаси эълон қилинди.
Жангдан сўнг ташкил қилинган матбуот анжуманида Ҳабиб Нурмагомедов журналистлар саволларига жавоб берди.
- Сизни рингдан сакраб чиқишга нима мажубр қилди, деб биринчи саволни берди журналист.
"Мен бир нарсани тушунмайман, нимага ҳамма мени рингдан сакраб чиққаним ҳақида гапиради? Нима ҳеч ким Коннорнинг автобус ойнасини уриб синдиргани, мени, динимни, ватанимни, отамни ҳақорат қилгани ҳақида гапирмайди?
Отам менинг устозим. Мен у кишини жуда ҳурмат қиламан. Буни ҳамма жуда яхши билади.
Коннор нимага қодирлиги бугун рингда билинди. Алҳамдулиллоҳ, мен енгилмаган чемпион номини сақлаб қолдим.
Охирги вақтларда, менимча, ОАВлар ММА спортини бироз ўзгартирди. Бу рақиблар бир-бирини ҳурмат қиладиган спорт туридир. Бу турли валдироқи гаплар гапириладиган спорт тури эмас.
Мен олдин ҳам айтганман ҳозир ҳам айтаман - Мен буни ўзгартираман. Мен рақиб ҳақида, унинг отаси ёки дини ҳақида турли ҳақоратли гаплар гапиришга чек қўяман.
Сизлар, журналистлар спортчининг отаси ёки дини ҳақида гапиришга ҳаққингиз йўқ. Шуни билиб қўйинглар.
Мен уйга борганимда отам жазолашини яхши биламан (деб кулиб қўйди).
Невада, Лас-Вегас яна бир бор мени кечиринглар, - деб сўзини якунлади Ҳабиб.
Жанг Ҳабибнинг ғалабаси билан тугашини кўпчиллик экспертлар олдиндан эълон қилишган бўлсада, жангдан кейинги ҳодисалар ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган эди.
Ишқибозларнинг оммавий жанжалида соҳа экспертлари UFC раҳбариятини айбдор деб ҳисобламоқда. Уларнинг фикрига кўра, жангдан олдин ишқибозларни қизиқтиришни ҳаддан ошириб юборилган.
Хусусан, UFC раҳбарияти Макгрегорнинг жангдан олдинги турли ҳақоратли чиқишларига қаршилик қилмасдан, уни жазоламасдан келишган. Масалан Макгрегор автобус ойнасини синдирганда ёки, вазн ўлчаш маросимидаги қилиқлари учун унга ҳеч қандай жазо берилмаган.