АҚШ Саудия Арабистонига қарши санкциялар қўллаши мумкин
АҚШнинг 22 нафар сенатори мамлакат президенти Дональд Трампга саудиялик мухолиф журналист Жамол Ҳашкажийнинг йўқолиб қолгани туфайли Саудия Арабистонига санкциялар жорий этилиши лозимлиги борасида қарор қабул қилишни сўраб расмий хат юборишди. Бу ҳақда Reutersхабар бермоқда.
Хат муаллифларининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар ҳукумати Саудия Арабистонида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича текширув бошлаши мумкин. Бироқ, бу ҳақдаги қарор давлат раҳбари томонидан қабул қилиниши лозим. Ушбу текширувлар натижасида Ар-Риёзга нисбатан санкциялар жорий қилиниши эҳтимолга яқин.
«Биз шуни кутмоқдамизки, сиз ўз қарорингизни қабул қилишда барча тегишли маълумотларни, жумладан, Саудия Арабистони юқори мартабали мулозимлари билан боғлиқ барча ҳолатларни ҳам ҳисобга оласиз», - дейилади президентга юборилган хатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ америкалик сенатор Ар-Риёзга қурол етказиб беришни тақиқлаш билан таҳдид қилганди.