Жаҳон банкининг навбатдаги миссияси Ўзбекистонга ташриф буюрди
(last modified Mon, 15 Oct 2018 11:52:14 GMT )
октябр 15, 2018 16:52 Asia/Tashkent
  • Жаҳон банкининг навбатдаги миссияси Ўзбекистонга ташриф буюрди
    Жаҳон банкининг навбатдаги миссияси Ўзбекистонга ташриф буюрди

Жорий йилнинг 15 октябрь куни Агросаноат мажмуаси ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги томонидан амалга оширилаётган «Ўзбекистон Республикасида чорвачилик тармоғини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида эришилаётган натижалар билан танишиш мақсадида Жаҳон банкининг навбатдаги миссияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати «Дарё» га хабар берди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 сентябрдаги ПП-3283 сонли «Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ва Халқаро Тараққиёт Уюшмаси иштирокидаги Ўзбекистон Республикасида чорвачилик тармоғини ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига мувофиқ амалга оширилиб келинмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Лойиҳанинг асосий мақсади – қишлоқ хўжалик корхоналари, фермер ва деҳқон хўжаликларига наслли чорва моллари, қишлоқ хўжалик техникалари, сут ва гўшт махсулотларини қайта ишлаш технологияларини харид қилишлари учун ҳамда товуқчилик, эчкичилик, туячилик ва чорвачиликнинг бошқа тармоқларини ривожлантиришга имтиёзли кредит маблағлари ажратишдан иборат.

Лойиҳа республиканинг барча ҳудудларида амалга оширилмоқда. Имтиёзли кредит маблағлари 9 та тижорат банклари орқали 10 йил муддатгача (3 йилгача имтиёзли давр) берилади.

Ташриф давомида миссия аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Тошкент ва Фарғона вилоятларида лойиҳа доирасида молиялаштирилган чорвачилик йўналишидаги лойиҳалар билан танишишни, ҳамда қатор вазирлик ва идоралар билан тор доирадаги учрашувлар ўтказишни режалаштирган.