Жамол Қошиқчининг ўлимига оид янги далил топилди
Саудиялик мухолифатчи журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши режалаштирилган
Бу ҳақда 22 октябрь, душанба куни Туркия ҳукмрон партияси матбуот котиби Омер Челик маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».
«Ҳар куни Қошиқчи билан нима юз берганлигининг янги далиллари пайдо бўлаётганлигини кўришимиз мумкин. Бугун элчихонадан журналистнинг кийимини кийиб, чиқиб кетаётган одамнинг видеоси пайдо бўлди. Буларнинг барчаси бу ваҳший қотиллик режалаштирилганлигидан далолат беради», — деди Челик журналистларга.
«Туркия — ҳуқуқий давлат, у қонунга қатъий амал қилади. Агар суриштирув кечикаётган бўлса, бу Саудия томони ҳаракатлари сабабли юз бермоқда. Айнан улар Туркия полициясининг консулликка киришига рухсат беришни кечиктирди. Охир-оқибатда айбдорлар жазоланиши ва бу каби воқеани қайтариш ҳеч кимнинг хаёлига келмаслигига ишончим комил», — дея таъкидлади турк сиёсатчиси.