Путин: Агар АҚШ барча келишувлардан воз кечадиган бўлса қуролланиш пойгаси бошланади
(last modified Thu, 25 Oct 2018 05:06:29 GMT )
октябр 25, 2018 10:06 Asia/Tashkent
  • Путин: Агар АҚШ барча келишувлардан воз кечадиган бўлса қуролланиш пойгаси бошланади
    Путин: Агар АҚШ барча келишувлардан воз кечадиган бўлса қуролланиш пойгаси бошланади

Россияни қуролланишни чеклаш соҳасидаги вазият, аниқроғи, давлатларнинг бу борадаги стратегик шартномаларни рад қилиши ташвишлантирмоқда, деди Россия президенти Владимир Путин.

У агарда АҚШ бу соҳадаги барча шартномалардан воз кечадиган бўлса қуролланиш пойгаси бошланишини айтди.

«АҚШ президенти бу ҳақда маълум қилганида (Ўрта ва кичик масофаларга мўлжалланган ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартномадан чиқиш) муаммо кеча ёки уч кун олдин пайдо бўлгани йўқ. Агар эътибор берган бўлсангиз, биз эса эътибор бердик: АҚШ конгресси ўрта ва кичик масофага мўлжалланган ракеталар бўйича илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига бўладиган харажатларни бюджетга киритди», — деди Путин Италия бош вазири Жузеппе Конте билан музокаралар якуни бўйича матбуот анжуманида.

«Энди эса шартнома ҳақида гап боряпти, ҳужумкор қуролларни қисқартириш ҳақидаги шартнома тақдири тушунарсиз, агар буларнинг барчаси бекор қилинадиган бўлса, қуролланишни назорат қилиш соҳасида ҳеч нарса қолмайди. Қуролланиш пойгасидан бошқа ҳеч нарса қолмайди», — таъкидлади Путин.

«Агарда Европага ракеталар келтириладиган бўлса, биз шунга мос тарзда жавоб қайтарамиз», — деб таъкидлади у ва Европа давлатлари бу билан «ўз ҳудудларини жавоб зарбаси хавфи остига қўяётганлигини тушунишлари лозимлигини» қўшимча қилди.

«Биз жавоб қайтара оламиз, бу жуда тез ва самарали бўлади», — деди Путин ҳамда «Европани бундай юқори даражадаги хавф остига қўйиш нега кераклигини» тушунмаётганини айтди. 

Ёрлиқ