Тўйида Шавкат Мирзиёев иштирок этган ёш оилага янги уй совға қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев 15—16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга сафари давомида Нукус шаҳрини кўздан кечириб юриб, ёш келин-куёвнинг тўйига ҳам ташриф буюрган эди. Давлат раҳбари ёш келин-куёвга бахт тилаб, оиласи мустаҳкам бўлишини тилади. 17 ноябрь куни келин-куёвга Нукус шаҳрининг энг шинам масканларидан бири — «Қумбиз овул» ОФЙ ҳудудида қад ростлаган кўп қаватли уйларнинг биридан Президент совғаси – турар жой совға қилинди.
Шу куни келин-куёв кечки пайт ўтадиган ёшлар тўйи олдидан Нукус шаҳрининг чиройли жойларини айланиб юрган. Улар сайл давомида тамадди қилиш учун кичик бир қаҳвахонага кирган. Бир пайт улар ўтирган ерга Президент кириб келди ва уларни бахт тўйи билан қутлади. Президент ёш оиланинг тўйига совға сифатида уй берган.
Султан ва Ҳурлиман иккаласи ҳам талабалар. Улар Қорақалпоқ давлат университетининг Технология факультетида 4-курсда битта гуруҳда таҳсил олади. Султаннинг ота-онасининг уйи Қораўзак туманининг «Маданият» овул фуқаролар йиғинида, келин Ҳурлиманнинг уйи эса Нукус шаҳрида. Энди улар шаҳарнинг замонавий қисмида биргаликда истиқомат қилади.
Шунингдек, шу куни давлат раҳбари ташриф буюрган 8-сонли поликлиникага Президент совғалари — Spark автомашинаси, давлат-хусусий шерикчилик асосида фаолиятини бошлаган «Науше» мактабгача таълим муассасасига болалар ўйинчоқлари тантанали равишда топширилди ҳамда Президент билан учрашувдан сўнг оддий аскар Консерваторияда имтиёзли ўқийдиган бўлди.