Фотожамланма: «Яндекс»-нинг Москвадаги офиси бўйлаб саёҳат
(last modified Sun, 25 Nov 2018 10:24:58 GMT )
ноябр 25, 2018 15:24 Asia/Tashkent
  • Фотожамланма: «Яндекс»-нинг Москвадаги офиси бўйлаб саёҳат

Компания қидирув сўровномаларини қайта ишлаш сони бўйича қидирув тизимлари орасида тўртинчи ўринни эгаллайди.

«Яндекс» Нидерландияда рўйхатдан ўтган Россия трансмиллий компанияси бўлиб, дунёнинг бир неча мамлакатида Тармоқдаги қидирув тизими, интернет порталлари ва хизматларига эга.  Компания асосчилари – Аркадий Волож ва Илья Сегалович.

Компания қидирув сўровномаларини қайта ишлаш сони бўйича қидирув тизимлари орасида тўртинчи ўринни эгаллайди.

2018 йил сентябрь ойи ҳолатига кўра, «Яндекс» машҳурлиги бўйича дунёда – 21, Россияда эса 1- ўринни эгаллайди. Компаниянинг устувор йўналиши – қидирув механизмини ишлаб чиқиш, бироқ бугунга келиб у мультипорталга айланган бўлиб, 50 дан ортиқ хизмат турларини тақдим этади.

«Яндекс»нинг Москвадаги офиси компаниянинг штаб-квартираси ҳисобланади. Компаниянинг аксарият маҳсулотлари айнан шу ерда ишлаб чиқилади, айнан шу ерда ташқи дунё билан алоқалар ўрнатилади.

Ишлаб чиқувчилар, менежерлар, дизайнерлар, маркетологлар, таҳлилчилар ва бошқа мутахассисларнинг бари шу 50 минг квадрат метрдан ортиқ майдонда фаолият юритади.

Офисга кираверишда энг аввало бош ресепшнга кўзингиз тушади. Унинг ёнида «Яндекс.Такси» компанияси хизматларидан бирини тақдим этувчи терминал мавжуд. Компаниянинг бундай хизматлари 50 дан зиёд. Масалан, «Яндекс.Поиск», «Яндекс.Карты», «Яндекс.Пробки», «Яндекс.Деньги», «Яндекс.Маркет».

Ресепшнда «Мен меҳмонман» ёзуви туширилган махсус бейжга эга бўласиз ва бу сизга Россиянинг энг яхши IT-компанияси бўйлаб бемалол ҳаракатланиш имконини беради.

«Яндекс» офисининг энг ўзига хос жиҳати – қулайлик муҳити. Бу ерда деярли ўткир бурчаклар йўқ, ранглар ёрқин, лекин кўзни чарчатмайди. Бундай муҳит нафақат қулайлик учун керак. Гап шундаки, «Яндекс» офиси куну тун ишлайди, баъзи ходимлар эса кечқурун ишга келади. Шунинг учун компания ишчилари учун офис иккинчи уй ҳисобланади, кимлар учундир ҳатто биринчи...

Бу ерда бино бўйлаб навигация қизиқ ташкил этилган. Йирик бўлимлар бутун бир қаватни банд қилиши мумкин – масалан, Қидирув, Харита ва Почта жамоалари, тижорат департаменти ва «Яндекс.Деньги».

Офисда барча ходимлар бир-бирига халақит бермай, ишларни муҳокама қилиши учун ўнлаб музокаралар хоналари ташкил этилган — кичик музокаралар хоналаридан то анжуманлар залигача. Уларда «Яндекс»нинг анжуманлари, семинарлари ва маърузалари ўтказилади. Музокаралар хонаси номидан унинг тахминан қаерда жойлашганини тушуниш мумкин. Масалан, 7-қават харитаси: “7 гном”, “7 само”, “7 тепалик” ва ҳ.к. Бинонинг баъзи қаватлари ўз рангига эга бўлиб, музокаралар хоналари номи ҳам шунга мувофиқ: “Оловранг туя”, “Яшил нўхат”.

Офисда ўсимликлар жуда кўп. Компанияда ҳатто уларнинг парваришига жавоб берувчи масъул ходимлар ҳам бор. Бу ерда ўсимликларга жуда эҳтиёткорона муносабатда бўлишади, ҳар бир барг артилади. Бутун офис ям-яшил инсталляцияларга тўлган, бу эса ходимлар учун қўшимча қулайликдир.  

Балкондан Москванинг ажойиб манзарасини томоша қилиб, завқ олиш мумкин, истовчилар учун махсус бинокль ҳам ўрнатилган.

«Яндекс» биносида дам олиш хоналари талайгина, бу ерларда тамадди қилиш ва қаҳва ёки чой ичиш мумкин. Офисдаги барча қаҳва-машиналари брендлаштирилган бўлиб, бизга қандай компанияда эканимизни эслатиб туради.

Офис биносининг биринчи қаватида ошхона бор. Ҳар бир ходим бу ошхонада овқатланиш учун муайян суммадаги маблағга эга бўлади. Агар ишчи белгиланган сумма чегарасидан ташқарига чиқса, у ҳолда қўшимча тўлов киритади. Бироқ белгиланган сумманинг ўзи ҳам кам эмас, унинг чегарасидан чиқиш учун иштаҳа ҳаддан ташқари карнай бўлиши керак.

Кўпчилик «Яндекс»га ишга кириш жуда қийин деб ўйлайди. Аслида эса компанияда вакансиялар талайгина ва билимли  мутахассис учун бу ерга ишга жойлашиш муаммо туғдирмайди. Ишга жойлашишга оид эълонларни корпоратив сайт ва рекрутинг порталларда топиш мумкин. Шунингдек «Яндекс» ўзининг менежерлар ва маълумотларни таҳлил қилиш мактабларини очган. Уларни тугатганлар компанияга ишга жойлашиш учун ажойиб имкониятларга эга.

«Яндекс»да ишга кирмоқчи бўлган ҳар бир номзод дастлаб тест синовидан ўтади. Агар натижалар компания вакилларига маъқул келса, номзод суҳбатлар сериясига таклиф қилинади. Бу босқич ҳам муваффақиятли кечса, янги ходимни компанияга мослаштира бошлашади. Бунинг учун компанияда алоҳида ходимлар фаолият юритади. Мослаштириш жараёни ишга чиқишдан аввал бошланади. Янги ходимга ноутбук берилади, иш бошлаш учун қулай кун белгиланади. Бошқа компанияларда иш куни одатда душанбадан бошланса, «Яндекс»да аксинча.

Мослашув билан боғлиқ муаммолар камдан-кам юзага келади, офисда муҳит деярли оиладаги каби.

Офиснинг қаерида ишлашингиздан қатъи назар, бажараётган ишингиз самарали бўлса бўлгани.

«Яндекс» офиси интерьери одамлар учун максимал даражада қулай ва очиқ. Деворларда ҳатто чизиш, ёзиш ва ижод қилиш мумкин. Умуман офис деворларини хоҳишга кўра жиҳозлаш мумкин.

Компания шахсий кутубхонасига эга, лекин кутубхоначи йўқ. Бейжни қўйиб, ўзингизга ёққан китобни олиб ўқишингиз мумкин.

Ходимлар иш ўрнини ўзига мослаштириши, ўз дидларига маъқул келувчи жиҳозлар ва ўсимликларга буюртма беришлари мумкин. Баъзиларнинг ҳатто жониворлари ҳам бор — тритонлар, тошбақалар ва ҳатто илон ҳам.

Офис интерьери кўзларингизни қувонтиради.

Компанияда асосий мулоқот воситаси — почта. «Яндекс»да иш, хобби, қизиқишлар бўйича ички жўнатмалар кўп. Ходимлар ўз иши ва ҳаёти ҳақида ёзиб борувчи ички блоглар сервиси мавжуд.

«Яндекс»да тренинглар, семинарлар, курслар ва тўгараклар жуда кўп. Ходимлар иш юзасидан ёки шунчаки ўзлари учун хорижий тилларни ўрганишлари мумкин.

Офисда арфа, гитара ва бошқа мусиқий асбобларни чалишни ўргатувчи тўгараклар бор. Бунинг учун чердакда махсус мусиқий хона бор. Шунингдек снукер учун столлар ҳам бор.

Спортга компанияда катта эътибор қаратилади. Тренажёр зали, массаж салони, йога ва рақслар учун зал — ортиқча вазн тўпланиши олдини олиш учун ҳамма нарса бор. Ёз ойларида компаниянинг аксарият ходимлари ишга велосипедда келиб кетишади. Офис ёнида 300 ўринли велопарк мавжуд. 

Офисда ҳордиқ чиқариш учун кўпчиликка севимли бўлган “гамак”, шахматлар ҳам бор.

«Яндекс»нинг 8854 нафар ходими ана шундай ажойиб шароитларда фаолият юритади. Эҳтимол, уларнинг самарали фаолияти айнан шундай қулай ва кўзни қувонтирадиган шароитларга ҳам боғлиқдир. 

Хуллас, «Яндекс»да корпоратив маданият юқори даражада, барчаси майда деталларгача ўйланган ва умуман, компания кўп жиҳатдан ўрнак олиш учун арзигулик.

 

Ёрлиқ