Британияда Тереза Мэйга нисбатан ишончсизлик вотуми бўйича овоз бериш жараёни бошланди
Британиянинг Консерватив партияси бошқарув қўмитаси раиси Грэм Брэди мамлакат бош вазири Тереза Мэйга ишончсизлик вотуми бўйича овоз бериш жараёни бошлангани ҳақида эълон қилди.
Бу ҳақда Лондонда чоп этиладиган Гардин рўзномаси хабар бермоқда. Британияда консерваторлар орасидаги манбалар маълумотига кўра, партиянинг бошқарув қўмитасига мамлакат бош вазири Тереза Мэйга нисбатан ишончсизлик вотуми масаласини кўриб чиқиш учун етарли бўлган 48та мурожаат келиб тушди.
Таъкидланишича, масалани кўриб чиқиш ташаббусини бериш учун айнан Консерватив партия аъзоларидан 48та хат талаб этилади.
Аввалроқ, Brexit бўйича овоз бериш бекор қилинганлиги сабабли Британия парламенти фавқулодда дебатлар ўтказиши маълум бўлганди. Дебатлар 11 декабрга мўлжалланган. Мамлакат Лейбористлар партияси мунозаралар ўтказиш ташаббускори бўлди.
«Қоидаларга кўра, овоз бериш 12 декабрь, чоршанба куни соат 18:00 (Тошкент вақти билан соат 17:00) ва соат 20:00 (Тошкент вақти билан соат 19:00) оралиғида бўлиб ўтади», - деди Брэди.
Унинг сўзларига кўра, парламентарийлар томонидан овоз бериш жараёнини бошлаш учун керак бўлган 15 фоизлик чегара ортда қолдирилди. Шунингдек, унинг қайд этишича, овозлар дарҳол ҳисоблаб чиқилади ва овоз бериш натижалари қисқа вақт ичида маълум қилинади.