Самарқанднинг машҳур нонлари — уни тайёрлашнинг сири нимада?(видео)
Самарқанд нонлари… Қадимий ва навқирон шаҳарнинг довруғи дунёга достон рамзларидан бирига айланиб улгурган
Самарқанд нонлари… Қадимий ва навқирон шаҳарнинг довруғи дунёга достон рамзларидан бирига айланиб улгурган.
У хуштаъмлиги, тўйимлилиги ва ўзгача бир чиройи билан машҳур.
Биз Самарқанд шаҳрининг «Галаосиё» маҳалласида қарийб ярим асрдан бери нон пишириш сирларини авлоддан авлодга узатиб келаётган хонадонлардан бирида бўлдик.
Хонадон бекаси Сожида Абдуллоева бизни мамнуният билан қарши олди ва нон тайёрлаш сирлари билан ўртоқлашди:
— Бу нонни тайёрлашнинг бошқалардан яшириладиган ҳеч бир сирли томони йўқ. Шу ун, хамиртуруш, сув, туз билан тайёрланади. Бошқа ҳеч нарса қўшилмайди.
Нонни аппаратда 40-50 дақиқада қорамиз. Кейин яна уни қўлда муштлаб чиқамиз. Шакл берилиб, 12–14 соат давомида иссиқ хонада тиндирилади. Сўнгра тандирда ёпамиз.
Ноннинг хуштаъм бўлиши, қизариб бир маромда пишишига сабаб — у газда эмас, мевали дарахтларнинг ўтинида пиширилар экан.
— Эрталаб нонни ёпиб тандирдан узиб бўлгач, ёпиб бўлгач, ўғлим ён-атрофдаги қишлоқларга чиқиб ўтин олиб келиб ғамлайди, — дейди С.Абдуллоева.
Қайд этиб ўтиш жоизки, мазкур хонадон фақат шу касб орқасидан кун кўради.
Шу хонадонга келин бўлиб тушганимда нон ёпиларди. Раҳматли турмуш ўртоғим билан бирга тайёрлардик. У киши отасидан ўрганган. Мана, ҳозир ўғлим ва келиним билан ҳам ота-касбни давом эттирмоқдамиз. Бу касб билан қизим ва куёвим ҳам шуғулланишади.
Сожида опанинг хонадонида бир кунда 80 дона нон ёпилади — тандирга икки марта. Айрим пайтлар, қўшимча буюртма бўлсагина бундан кўпроқ нон ёпилар экан. Бу ерда ёпилган нонлар дунёнинг турли давлатларига ҳам жўнатилар экан.
Киройи Самарқанд нони 2 килога яқин тош босади. У 6-7 кишини бемалол тўйдиради. Улуғбек расадхонаси олдидаги бозорчада бундай нонларнинг донаси 7-8 минг сўмдан сотилмоқда. Тўғриси, нон сотиш учун шароит яхши эмас. Нон сотувчиларнинг ўзлари профиллардан қўлбола бошпана ясаб олишган.
Сожида Абдуллоева ва ўша ерда нон сотаётган бошқа новвойлар ҳам бу жойда мўъжаз бозорча барпо этилишини хоҳлашаётгани ҳақида айтиб ўтишди. Чунки Галаосиё нони ҳам Самарқанднинг ўзига хос брендига айланиб улгурган. Юртимизга, хусусан Самарқандга хорижлик сайёҳлар ташрифи ортиб бораётган бир пайтда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги новвойларнинг бу истагига эътибор қаратса, яхши бўлар эди.