Магнитогорскда вайроналар остидан 11 ойлик чақалоқ тирик топилди (видео)
(last modified Wed, 02 Jan 2019 07:59:44 GMT )
Январ 02, 2019 12:59 Asia/Tashkent

Челябинск области Магнитогорск шаҳрида маиший газ портлаши оқибатида қисман қулаган кўп қаватли уйнинг вайроналари остида ўн бир ойлик бола тирик ҳолда топилди.

Чақалоқнинг ҳолати оғир деб баҳоланмоқда, дея аниқлик киритишган тез тиббий ёрдам хизматидан. «У реанимобилда шифохонага олиб кетилди», - дея айтиб ўтди воқеа жойига яқин ерда жойлаштирилган оператив штаб вакили.

«Бола каравотчада бўлгани ва иссиқ ўраб қўйилгани туфайли омон қолган», - дея хабар берилган минтақа губернатори Борис Дубровскийнинг расмий Telegram-каналида. У ердан қўшимча қилинишича, чақалоқ учун жонлантириш бўлими тайёрланмоқда.

Воқеага гувоҳ бўлганлардан бирининг Znak.com’га айтишича, қутқарувчилар вайроналар остидан инсон йиғисини эслатувчи товуш эшитишган. «Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ва тиббиёт ходими дарҳол у ерга чопиб кетди. Бунга ишониш жуда қийин эди. Гап шундаки, махсус иссиқлик замбараклари ёрдамида вайроналарнинг бу қисмига ўтган вақт давомида иссиқлик етказиб бериб турилганди», - дея аниқлик киритди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Магнитогорскдаги фожиа оқибатида қурбон бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини маълум қилганди.