Ана холооос! Карл Маркснинг қабри вайрон этилди
-
Ана холооос! Карл Маркснинг қабри вайрон этилди
Британия пойтахти Лондон шимолидаги қабристонлардан бирида Карл Маркс қабри вандаллар томонидан вайрон этилди. Бу ҳақда 5 февраль куни “Хайгейт қабристони дўстлари” жамоат жамғармаси маълум қилди.
Жамғарманинг билдиришича, Лондоннинг тарихий жиҳатдан қизиқ бўлган жойларидан бири сифатида кўриладиган Карл Маркс қабри “атайлабдан ва ғаразли мақсадда” вайрон этилган.
Немис файласуфи ва иқтисодчиси Карл Маркс Хайгейт қабристонига 1883 йилда дафн этилган эди. Кейинроқ унинг қабри устида Карл Маркснинг катта бюсти “Бутун дунё пролетарлари бирлашмоқда”, деган ёзув ўйиб ёзилган шоҳсупага ўрнатилган.
Карл Маркснинг қабри Лондонга келаётган туристлар кўп зиёрат қиладиган жойлардан биридир.
Коммунистик тузум ғоясининг асосчиси бўлган Карл Маркс “Коммунистик манифест” ва “Капитал” илмий асарларининг муаллифидир.
Совет Иттифоқи даврида Карл Маркс “жаҳон доҳийси” сифатида улуғланган. Коммунистик тузум ўрнатилган давлатларда мактаблар, кўчалар, завод ва фабрикларга Карл Маркс номи берилган, унинг ҳайкаллари ўрнатилган.
Карл Марксга сўнгги ҳайкал 2018 йилнинг 13 апрелида Германиянинг Триер шаҳрида ўрнатилди. Карл Маркс мазкур шаҳарда туғилган..