Қайси мамлакатлар кўчиб борганлар учун пул тўлайди?
Дунёдаги юзлаб шаҳар ва қишлоқлар секин-аста йўқ бўлиб кетиш арафасида. У ерларда яшовчилар камайиб кетаётганидан ҳатто айрим мамлакатлар кўчиб борган кишиларга пул ҳам тўлашга тайёр, деб ёзади «Xabar.uz» нашри.
Понга қишлоғи, Испания
Астурия провинциясида аҳолиси 694 кишидан иборат кичик Понга қишлоғи барқарор иқтисодиёт ва демографик вазиятни орзу қиляпти. Ўз мақсадига эришиш учун ҳукумат Понга қишлоғига кўчиб борган ҳар бир келин-куёвга 3 минг евродан, туғилган ҳар бир чақалоқ учун яна 3 минг евродан тўлашга тайёр.Понга қишлоғи — мамлакатдаги энг кўҳна манзилгоҳлардан бири бўлиб, тоғли ва хушманзара қўриқхона ҳудудида жойлашган.
Бормида, Италия
Бормида коммунаси Савона провинциясида, Генуя шаҳридан 80 км масофада жойлашган. Аҳоли сони бор-йўғи 456 киши — маҳаллий аҳолининг кўпчилиги қишлоқдан шаҳарларга иш излаб кетиб қолишган. Бормидада ишсизлик – катта муаммо. Ҳукуматнинг интернет орқали масофадан туриб ишлаш таклифи кўпчиликни қизиқтириши мумкин. Фақат қишлоқда барқарор алоқа борми деган масала очиқлигича қолмоқда.У ерга кўчиб боришга қарор қилган кишиларга 2 минг евро тўлашади. Устига-устак, ижара ҳақи ҳам осмон эмас — ойига 50 — 120 евро атрофида.
Детройт, АҚШ
Бир замонлар «АҚШнинг автомобиль пойтахти» ҳисобланган Детройт шаҳри бошидан оғир кунларни ўтказмоқда. Мичиган штати ҳукумати турли соҳадаги мутахассисларни жалб қилишга уринмоқда. Детройтга ишлаш ва яшаш учун келган профессионалларга 2,5 минг доллар тўлашади ҳамда мослашишига кўмаклашилади.
Мисима, Япония
Япониядаги кичик Мисима овулида тахминан 400 киши истиқомат қилади. Улар асосан кексалар ва катта ёшли одамлар. Қишлоқ ҳудуди учта кичик оролда жойлашган. Яхши жиҳати — гўзал табиат манзараси ва тоза ҳаво. Ёмон томони —иш йўқ.Бунга эътибор бермайдиган одамларни $840 ва оролда кун кечириладиган дастлабки 3 йил давомида моддий қувватлаш кутиб турибди.
Саскачеван, Канада
Саскачеван провинцияси эндигина диплом олган ва ҳали иш тополмаган иқтидорли ёш мутахассисларни қучоқ очиб кутиб олади. Битирувчиларни 7 йил муддатга ишга олишади. Шундан кейин профессионаллар Канадада бир умр қолиб кетиши мумкин. Бошида ҳукумат ҳар бир мутахассисга 20 минг доллар таклиф этади.
Матсайкер ороли, Австралия
Бундай таклиф шаҳар шовқини, инфратузилма ва кўнгилхушликлардан чарчаган, табиат ва ёлғизликни ёқтирувчилар учун айни муддао.Матсайкер оролининг майдони — 1,86 квадрат километр. Унда қаҳвахона ҳам, клуб ва савдо марказлари ҳам йўқ. Лекин сокинлик ва яшиллик муҳайё.
Тасмания штатига яшаш учун отланган довюраклар турар жой ва иш билан таъминланади. Мисол учун, маёқ назоратчиси бўлиб ишга кириши мумкин.
Питкэрн ороли, Тинч океани жанубий қисми
Одамовилар учун яна бир ажойиб таклиф. Питкэрн оролида бор-йўғи 50 киши кун кечиради. Янги кўчиб борган одамга уй қуриш учун ер кафолатланади ва мослашиш даврида ҳар томонлама қўллаб-қувватланилади. Тўғри, оролда атиги 1 та дўкон бор, у ҳам ҳафтасига уч марта ишлайди. Кўнгилочар ташкилотлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ҳозирча фақат 1 киши у ерга кўчиб боришга журъат этган.