Коронавирус нима? Қаердан келди? Қандай ҳимояланиш керак?
(last modified Tue, 28 Jan 2020 09:55:57 GMT )
Январ 28, 2020 14:55 Asia/Tashkent
  • Коронавирус нима? Қаердан келди? Қандай ҳимояланиш керак?

2019 йилнинг декабр ойи ўрталарида бошланган янги коронавирус (2019-nCoV) эпидемияси туфайли шу бугунгача 107 нафар инсон ҳаётдан кўз юмгани қайд этилди. Уларнинг барчаси хитойлик.

Текширувлар натижасида ушбу коронавирус ўзининг генетик тузилишига кўра 2002 йили Хитойнинг Гуандун вилоятида пайдо бўлган "оғир даражадаги ўткир респиратор синдроми" (инг: "SARS" Severe acute respiratory syndrome) коронавируси билан ўзаро ўхшаш жиҳатлари мавжудлиги аниқланди.

Image Caption

Коронавирус қаердан келиб чиқди?

Ҳозирча, янги коронавируснинг келиб чиқиши аниқ эмас. Фақат тахминлар бор холос. Даҳшатли вирус илк бора Хубэй вилоятининг Ухан шаҳрида жойлашган Хуанан номли ҳайвон ва денгиз маҳсулотлари бозорига алоқадор бўлган маҳаллий аҳоли вакилларида намоён бўлган. Мазкур бозорда истеъмол учун денгиз маҳсулотлари, ит гўшти, илонлар ва ҳатто кўршапалаклар ҳам сотилган. Тахминларга кўра, коронавирус ҳайвон организмида мутацияга учраган. Сўнгра инсонга юққан.

Хуанан номли ҳайвон ва денгиз маҳсулотлари бозори

Илк бошда коронавирус ўчоғи денгиз маҳсулотлари деган фикр илгари сурилди. Лекин, касаллик белгилари зотилжам (пневмония) билан бошланишига кўра, унинг юқиши ҳаво орқали амалга ошиши маълум бўлди. Ва бу версия нотўғри бўлиб чиқди. Кейинчалик, экспертлар "2019-nCoV" кўршапалакларда аниқланган коронавирус билан яна бир манбаси номаълум коронавируснинг ўзаро чатишиб, гибридлашувидан ҳосил бўлган деган тўхтамга келдилар. Кейинги босқичда эса коронавирус одамларга илонлардан юққан деган версиялар ҳам ўртага чиқди.

Шу бугунгача, ушбу коронавирусдан сақланиш учун бирор-бир вакцина ёхуд аксилвирус препарат ўйлаб топилмади. Чунки, ушбу вируснинг заиф ерлари ҳали тўлиқ ўрганилмади.

Вирус тарқалиш географияси кенгайиб бормоқда

Жорий йилнинг 28 январига қадар дунё бўйича 4474 та янги коронавирусни юқтириш ҳолати аниқланган бўлиб, улардан 4409 таси Континентал Хитойда қайд этилган. Континентал Хитой дейилганда Гонконг ва Макао хориж Хитой Халқ Республикаси ва Тайвань давлатлари тушунилади. Гонконг ва Макао административ бирликлари махсус статусга эга.

Гонконг(8), Таиланд (8), Макао (6), Австралия (5), Сингапур (5), АҚШ (5), Тайвань (5), Жанубий Корея (4), Малайзия (4), Япония (4), Франция (3), Въетнам (2), Камбоджа (1), Канада (1), Непал (1), Шри-Ланка (1), Германия (1), Кот-д'Ивуар (1). Хитойда мазкур вирус билан боғлиқ 107 та ўлим ҳолати қайд этилди. 63 киши соғайишга муваффақ бўлди.

Янги коронавирус юқтирган беморлардаги касалликнинг илк клиник симптомлари 2019 йилнинг 8 декабридан олдинроқдан намоён бўлди. Касаллик эпидемияси ҳақидаги хабарлар биринчи бўлиб 2019 йилнинг 31 декабрида пайдо бўлган.

Image Caption

22 январдан бошлаб Ухан шаҳри карантин мақсадида ёпиб қўйилди. Барча жамот транспортлари қатнови тўхтатилди. Шаҳарга кириш-чиқиш буткул тақиқланди. 24 январдан бошлаб Уханга яқин бўлган Хуанган, Эчжоу, Чиби ва Чжицзян шаҳарлари ҳам карантинга олинди. Хитой ҳукумати жами 14 шаҳарга кириш-чиқишни ёпиб қўйди. Бахтга қарши, ушбу ўлим ташувчи вирус Хитойнинг Тибетдан бошқа барча вилоят даражасидаги административ бирликларида топилди.

Хитойликлар одатда ўзларининг янги йил байрамларини ўта дабдаба билан нишонлайдилар. Расман 15 кун дам оладилар ва янги йил киришидан олдин ва кейин мамлакат ичида саёҳат қилганлари каби хорижга ҳам саёҳатлар уюштирадилар. Бунинг натижасида коронавирус дунё бўйлаб тарқалиш хавфи пайдо бўлмоқда. Зотан, шу чоққача умумий 19 давлатда янги коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқланди.

Коронавирус қай даражада юқумли?

Хитой расмийлари вирус одамдан одамга ҳаво орқали ўтиш хусусиятига эга эканлигини тасдиқлашди. Беморларга хизмат кўрсатаётган касалхоналардаги бир қанча тиббиёт ходимларининг мазкур вирус билан касалланиб қолганлиги ҳам унинг юқумли эканлигини тасдиқлайди.

Хитойлик мутахассисларнинг таъкидлашича, вируснинг инкубацион даври 2 кундан 12 кунгача чўзилиши мумкин. Лекин, ўртача, 7 кунни ташкил этади. Яъни, коронавирус инсонга юққандан кейин 2 кундан 12 кунгача ўз симптомларини зоҳир қилмаслиги мумкин. Энг ёмони, бу вақтда ўз баданида мазкур вирусни ташувчи киши ўзининг хасталанганини билмаган ҳолда мулоқотга киришган ўзга кишига юқтириши мумкин. Ундан ҳам ёмони эса мазкур даврда ҳеч қандай тепловизорлар касаллик мавжудлигини аниқлашга қодир эмас.

Барча коронавируслар каби "2019-nCoV"нинг шикаст етказиш зоналари нафас йўллари, ўпка, юрак, ошқозон-ичак тракти, жигар, буйраклар ва асаб тизими ҳисобланади. Касаллик симптомлари оддий шамоллаш кўринишида бошланиб, тезлик билан ривожланади ва ўткир респиратор касаллиги вужудга келади. Ўпка шикастланади ва инсоннинг ҳаётига хавф солувчи ўткир нафас олиш етишмовчилиги юзага келади (респираторный дистресс-синдром).

Коронавируснинг гриппдан фарқи нима?

Коронавирусларнинг оддий грипп вирусларидан фарқи шундаки, улар нафақат инсон балки, қуш, мушук, ит, қорамол, туя, чўчқа ва қуёнлар каби ҳайвонларни ҳам шикастлайди. Вирус мазкур ҳайвонлар баданида генетик мутацияга йўлиқади. Бунинг натижасида унинг хавфлилиги, кучлилиги, ўткирлиги ва мураккаблиги бир неча баробар ортиб кетади. Бундай вируслар юққан организмда касаллик синдромлари типик эмас атипик хусусият касб этади.

Image Caption

Масалан, вирус юқиши натижасида пайдо бўлувчи ўпка яллиғланиши оддий ҳолатдагидан кўра кучлироқ ва ўткирроқ тарзда намоён бўлади. Бундай вируслар муолажага осонликча "бўйин эгмаслиги" ва агрессивлиги билан ажралиб туради. Гоҳо, касаллик симптомлари оддий диарея, энтерит каби қорин оғриғи ва ич суриш кўринишида ҳам зоҳир бўлиши мумкин.

Вирусдан қандай ҳимояланиш керак?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги коронавирусдан ҳимояланиш учун турли хил тавсияларни ўз ичига олган материаллар нашр қилди. Мазкур тавсияларнинг баъзилари қуйидагилардан иборат:

- тез-тез қўлингизни спиртли моддалар билан ёки совунлаб ювинг;- гавжум бўлган жамоат жойларига боришдан сақланинг;- ювилмаган қўллар билан кўз, оғиз каби аъзоларга тегманг;- потенциал маънода касалланганлар билан мулоқот қилманг;- хом гўшт ёхуд яхшилаб термоишлов берилмаган гўштларни истеъмол қилманг;- яшаган жойингиз ва кўп контактда бўладиганингиз юзалар устида дезинфекцияловчи воситалар билан тез-тез тозалаш ишларини амалга оширинг;

Кузатувчиларнинг тахминларига кўра 2020 йилнинг феврал ойи ўрталари янги коронавирус эпидемиясининг авж нуқтага кўтарилиши кутилмоқда.

Image Caption

Динимиз нима дейди?

Агар динимиз таълимоти нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу ҳолатда касалликка қарши барча чора-тадбирларни қўллаш билан биргаликда энг самарали чора касаллик ўчоғини чегаралаб қўйиш ҳисобланади. Бирдан бошланиб, тез тарқалиб, кўпчиликнинг ўлимига сабаб бўлувчи юқумли касалликлар умумий маънода, вабо, ўлат ва тоъувн деб аталади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча ҳадисларида бирор жойда вабо тарқалаётган бўлса, у ерга бормаслик ва айни дамда ўзи мавжуд бўлган маконда пайдо бўлиб қолса, у ердан қочиб кетмасликни буюрганлар. Бугунги кунда, замонавий тиббиёт мутахассислари томонидан амалга оширилувчи карантин деб аталувчи "қамал" ҳам ушбу ҳадиси шариф мазмунини айнан акс эттиради.

Зеро, ҳар қандай эпидемиологик характерга эга бўлган вирус жуда тез тарқалиши билан биргаликда жуда тез сўнади ҳам. Эпидемиянинг авж нуқтаси ортда қолгандан сўнг маълум вақт ўтиб, вируснинг атвори ўзгаради ва одамларда ҳам унга мойиллик камаяди.

Аллоҳ таоло барча инсонларни ва хусусан, юртимиз аҳолисини Ўз ҳифзу ҳимоясида асрасин!.. Мудом дуога қўл очган муштипар оналаримиз, қадди рукуъга эгилган мўйсафидларимиз, ҳаётга энди келган маъсум гўдакларимиз ҳаққи марҳамат кўрсатиб, барча ватандошларимизни Ўзининг офияти ва паноҳида сақласин!..

АЛИШЕР СУЛТОНХЎЖАЕВ

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Sof.uz

Ёрлиқ