Саудия Арабистонида масжидларда жума ва жамоат намозларини ўқиш тўхтатилди
Саудия Арабистони Уламолар ҳайъати кеча, 2020 йил 17 март (ҳижрий ҳисобда 1441 йил 22 Ражаб) куни Ар-Риёзда ўтган мажлисда мамлакатда коронавирус тарқалиши хавфи билан боғлиқ вазият, бу касалликнинг жуда тез тарқалаётгани ва ўлим ҳолатларига сабаб бўлаётгани туфайли бунга қарши зарур чора-тадбирларни кўришга қарор қилди. Уламолар шу мақсадда мамлакатдаги барча масжидларда жума ва беш маҳал намозни жамоат билан ўқиш тўхтатилиши ҳақида 247-рақамли фатвони чиқарди.
Фатвода ушбу қарор шундай изоҳланган:
“Аллоҳ Таъоло Қуръони Каримда
“Ва ўзингизни ҳалокатга ташламанг!” (“Бақара” сураси, 195-оят) ва
“Бир-бирларингизни ўлдирмангиз! Aлбатта Aллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир” (“Нисо” сураси, 29-оят), деган.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида эса шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Касал киши соғлом кишининг олдига келмасин”, дедилар”. Бухорий (5771), Муслим (2221/5684).
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бир ерда вабо(тарқалгани)ни эшитсангиз, у ерга кирманглар. Агар сизлар турган ерда шу нарса (вабо) бўлса, у ердан чиқиб кетманглар”, дедилар”. Бухорий (5728), Муслим (2218/5672).
Шунингдек, Ислом усулул-фиқҳида (шаръий қонунчилик асосларида) “Зарар кўриш ҳам, зарар бериш ҳам йўқ”, “Зарар имконият борича даф қилинади” каби қоидалар бор.
Юқоридаги далилларга кўра, жума ва барча фарз намозларини масжидда жамоат бўлиб ўқишни тўхтатиш ва фақат (масжид минораларидан) азонни баланд қилиб айтиб намоз вақти кирганини билдиришга шаръий жиҳатдан рухсат берилади. Бундан икки ҳарам – Маккадаги Масжидул-Ҳаром ва Мадинадаги Масжидун-Набавий мустасно (бу масжидларда жума ва жамоат намозлари ўқилаверади).
Бошқа масжидлар эшиги эса вақтинча ёпиқ бўлади, бу муддат мобайнида масжидларда азон айтиш тўхтатилмайди. Азонда одатдаги жумлалар ёнига “Намозни уйингизда ўқинглар” жумласи қўшиб айтилади. Чунки Имом Бухорий (668) ва Имом Муслим (699/1489) ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо совуқ кунда муаззинга шундай деб айтишни буюрган ва буни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганини айтган.
Жума куни жума намози ўрнига уйда пешин намози ўқилади (жамоат бўлиб ёки якка ҳолда).
Аллоҳ Таъолонинг фазли шундайки, ким (ҳозиргидек) бир узр туфайли масжидда жума ва жамоат намозини ўқишга имкон топа олмаса ҳам бунинг ажрини тўлиқ қилиб олаверади. Бунга далил:
Абу Мусо Ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар банда касал бўлиб қолса, ёки сафар қилса (ва шу сабабли ҳар доимги амалини бажара олмаса), унга муқим, соғлом бўлган ҳолатида қилиб келган амалларидек савоб ёзилаверади”, дедилар”. Бухорий (2996).
Уламолар ҳайъати барчага соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари берган кўрсатмаларга риоя қилиш ва жамият соғлигини сақлаш йўлида ўзаро ҳамкорлик қилишни тавсия этади.
Аллоҳ Таъоло: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилманг!” (“Моида” сураси, 2-оят), деган.
Ушбу карантин чораларига амал қилиш яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишдир. Шунингдек, бунда шариат буюрганидек аввал Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолога таваккал қилиб, кейин сабабларни ушлаш ҳам бор.
Шу билан бирга барчага Аллоҳ Таъолодан тақво қилиш, дуо ва истиғфорни кўпайтиришни тавсия қиламиз. Зеро, Аллоҳ Таъоло Ҳуд алайҳиссалом тилидан бизга шундай кўрсатма берган:
“Эй қавмим, Роббингиздан мағфират сўранг, сўнг Унга тавба-тазарру қилинг. Шунда У Зот устингизга осмондан ёмғир қуйдирар ва куч-қувватларингизга яна куч-қувват қўшар. Жинояткор-гуноҳкор бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг!”(“Ҳуд” сураси, 52-оят).
Бу оятдаги қувватдан мақсад ризқнинг кенглиги, тинчлик-омонлик ва офият бўлишидир.
Аллоҳ Таъолодан бу вабони бандалари устидан кўтаришини... ва барчани Ўз паноҳида сақлашини сўраймиз.
“Зеро, Aллоҳ энг яхши сақлагувчи ва У зот раҳмлиларнинг раҳмлисидир”. (“Юсуф” сураси, 64-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммадга, у кишининг оила аъзолари ва саҳобаларига саловату саломлар бўлсин”.
Дунёда ёйилиб бораётган коронавирус хавфига қарши курашиш учун Саудия Арабистони ҳукумати ўтган ой охиридан ҳаракат қила бошлаган, шунга мувофиқ аввал умра ва сайёҳлик визаларини бериш тўхтатилган, ундан кейин эса мамлакат фуқаролари ва унда доимий истиқомат қилувчи хорижликларга ҳам умра қилиш тақиқланган эди.