Россиянинг Лукойл нефт компанияси раҳбарининг тўсатдан ўлими
Россиянинг иккинчи йирик нефт ишлаб чиқарувчиси Лукойл раҳбари пайшанба куни кечқурун Москвадаги ўзи даволанаётган касалхона ойнасидан йиқилиб, вафот этди, дея хабар беради ахборот манбалари.
Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтининг хабар қилишича, Исмини ошкор қилишни истамаган икки хабардор манба 67 ёшли Равил Магановнинг баландликдан қулаши оқибатида ҳалок бўлганини тасдиқлади, гарчи воқеа билан боғлиқ ҳолатлар номаълумлигича қолмоқда.
Айни пайтда исмини ошкор қилишни истамаган полиция манбаси ҳам бу воқеани ўз жонига қасд қилиш деб баҳолади ва қўшимча қилди: Антидепрессантлар қабул қилган Маганов юрак хуружидан кейин касалхонага ётқизилган.
Россиянинг давлат энергетика гиганти Роснефт билан рақобатлашувчи минглаб ходимларига эга Лукойл хусусий ширкати ўз баёнотида Магановнинг узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этганини айтди.
Россиянинг асосан энергетика саноати билан боғлиқ бўлган камида 6 нафар тадбиркор ва бизнес эгалари бу мамлакатда сўнгги бир неча ой ичида тўсатдан ва сирли шароитда ҳаётдан кўз юмди.
2014-йилдан буён Қрим Россияга қўшиб олинганидан кейин Лукойлга АҚШ Молия вазирлиги томонидан санкция қўйилган.
Бусинесс Инсидер веб-сайти пайшанба куни шундай деб ёзди: Сўнгги маълумотларга кўра, Россия август ойида Ғарбнинг кенг тарқалган санкцияларига қарамай, ўтган йиллардагидан кўпроқ нефт экспорт қилган.
Бу Украинада 24-февралда уруш бошланганидан бери Россиянинг энергия ва нефт экспорти ва ишлаб чиқариши прогнозларга нисбатан ошганининг сўнгги белгисидир.