Хитой Покистондаги фуқароларига хавфсизлик бўйича огоҳлантириш берди
Хитойнинг Покистондаги элчихонаси бу мамлакатдаги фуқароларини хавфсизлик хавфи ҳақида огоҳлантирди.
Якшанба куни Покистоннинг Балужистон вилоятидаги Гвадар шаҳрида қуролланган шахслар Покистон хавфсизлик кучлари ва хитойлик муҳандислар карвонига ҳужум қилган. Тезкор ва жавоб ҳаракатида икки ҳужумчи ҳалок бўлган, хавфсизлик кучлари ва тинч аҳоли вакиллари жабрланмаган. Балуж озодлик армияси матбуот котиби ўз баёнотида ушбу ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтининг хабар қилишича, бугун Гвадар портида хитойлик муҳандисларни кузатиб бораётган Покистон хавфсизлик кучлари карвонига ҳужум уюштирилганидан сўнг, Хитойнинг Исломободдаги элчихонаси баёнот чиқариб, Покистондаги фуқароларини эҳтиёт бўлиш ҳақида огоҳлантирган.
Хитойнинг Исломободдаги элчихонаси ўз баёнотида террористик унсурларнинг хитойлик фуқароларни нишонга олишга уринишини қоралади ва Покистон хавфсизлик кучларининг ушбу ҳужум ижрочиларига қарши курашда тезкор ва самарали жавобини юқори баҳолади.
Покистонда ишлаётган Хитой фуқаролари, жумладан, бу давлатнинг муҳандис ва профессорлари аввал ҳам кўп маротаба террористик гуруҳлар нишонига айланган.
2021-йилнинг 14-июлида Покистон шимолидаги Хайбер-Пахтунхва провинсиясининг “Дасу” ҳудуди яқинида хитойлик ишчиларни олиб кетаётган автобусда содир бўлган портлаш натижасида камида 12 киши, жумладан, 9 нафар муҳандис ва хитойлик ишчи ҳалок бўлди.