Вашингтон Пост: Эрон АҚШнинг ҳарбий базаларини нишонга олиш қудратига эга
-
Вашингтон Пост: Эрон АҚШнинг ҳарбий базаларини нишонга олиш қудратига эга
«Вашингтон Пост» газетаси Вашингтон иттифоқчилари томонидан ўтказилган хавфсизлик баҳолашларига таяниб, Эрон ҳали ҳам самарали ракета салоҳиятига эга эканини ва минтақадаги АҚШнинг ҳарбий манфаатларини, жумладан 10 тадан ортиқ база ва ўн минглаб америкалик ҳарбий хизматчиларни нишонга олишга қодир эканини таъкидлади.
«Вашингтон Пост» ёзишича, Форс қўлтиғидаги АҚШ иттифоқчиларидан бири томонидан тайёрланган баҳолашга кўра, Эрон қисқа масофали ўқ-дориларни сақлаб қолиш, учириш платформалари ҳамда ракета ишлаб чиқариш қобилиятига эга бўлиб, бу имкониятлар минтақадаги америкалик нишонлар учун жиддий таҳдид ҳисобланади.
Ушбу ҳисоботга кўра, Эроннинг самарали жавоб зарбалари бериш салоҳияти АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг Эрон атрофида америкалик кучларни кўпайтириш масаласидаги ҳисоб-китобларида муҳим ўрин тутган. Илгари ҳарбий чора кўриш эҳтимоли ҳақида гапирган Трамп кейинчалик ўз позициясини ўзгартириб, Теҳроннинг ядровий музокараларга қайтишини талаб қилди; бу эса АҚШнинг 2015 йилда Ядровий келишувдан чиққани билан зиддиятли ҳолатдир.
Газета билан суҳбатда эронлик дипломат Теҳрон ҳурмат асосида ўзаро алоқага тайёр эканини, аммо босим ва ҳарбий таҳдид остида музокараларга кирмаслигини таъкидлаган. АҚШ аввалроқ 12 кунлик ҳужумда сионистик режим билан бирга иштирок этган, шундан сўнг Эрон Қатардаги «Ал-Удейд» ҳарбий-ҳаво базасига ракета зарбаси билан жавоб қайтарган эди.
«Вашингтон Пост» таҳлилига кўра, Эрон минтақадаги АҚШ иттифоқчиларига Форс қўлтиғида ҳалокатли ҳужумларни амалга ошириш қудратига эга эканини кўрсатган ва янги тўқнашув юз берса, бу ҳужумлар чекланган ва назорат қилинган бўлмаслиги мумкин. Айни пайтда, Форс қўлтиғидаги айрим араб давлатлари, жумладан Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари, Эронга қарши ҳарбий операциялар учун ўз ҳудуди ёки ҳаво маконидан фойдаланишга рухсат бермасликларини маълум қилган.