Таҳдид, цензура, ҳибс; АҚШда университетларни хавфсизликлаштириш учбурчагининг уч қирраси
-
Таҳдид, цензура, ҳибс; АҚШда университетларни хавфсизликлаштириш учбурчагининг уч қирраси
АҚШнинг Манхэттен шаҳридаги Колумбия университетида тинч норозилик акцияси чоғида 12 нафар профессор ва талаба ҳибсга олиниши, бугунги кунда АҚШнинг кўплаб университетлари устида соя солиб турган кескин ва хавфсизликлаштирилган муҳитни яна бир бор очиб берди.
Нью-Йоркдаги Колумбия университети олдида профессорлар ва талабалар гуруҳи кўча ҳаракатини тўсиб қўйди. Pars Today хабар беришича, талабаларнинг мақсади Трамп маъмуриятининг миграция сиёсатига эътироз билдириш ва халқаро талабаларни қўллаб-қувватлаш эди. Ушбу тинч норозилик акцияси тахминан бир соатдан сўнг АҚШ полициясининг аралашуви ва 12 нафар намойишчининг ҳибсга олиниши билан якунланди. Ҳибсга олинган профессорлардан бири Мила Розентал қўлга олинишидан олдин, АҚШ университетларидаги халқаро талабалар жуда қўрқинчли шароитда яшашаётганини айтди. Намойишчилар орасида Колумбия университетининг учинчи курс талабаси Рина Айзак эса, унинг кўплаб халқаро дўстлари ҳатто кўчада юриш пайтида ҳам хавотирда эканини таъкидлади.
Америкалик талабалар: бунча назоратни ҳеч қачон кўрмаганмиз
АҚШ полицияси билан талабалар ўртасидаги кўча тўқнашувлари университетлар ичидаги муҳит ҳам мисли кўрилмаган ўзгаришларга дуч келаётган бир пайтда содир бўлмоқда. New York Times хабар беришича, Техас, Флорида ва Огайо каби штатларда профессорлар ўз дарс режаларини маълумотлар базаларида оммавий эълон қилишга мажбур қилинган. Шимолий Флорида университети профессори Жон Уайт ундан дарс режасидан «хилма-хиллик», «тенглик» ва «қамров» каби атамаларни олиб ташлаш талаб этилганини тасдиқлади. Бу ҳолат айрим ўқитувчиларни иш жойини сақлаб қолиш учун дарс режасининг икки хил нусхасини тайёрлашга мажбур қилмоқда: бири оммавий эълон учун, иккинчиси эса синфдаги ҳақиқий дарс учун. Исми ошкор этилмаслигини сўраган бир профессор: «Бунча назоратни ҳеч қачон кўрмаганмиз», — деди. Ҳисоботда қўшимча қилинишича, Индиана университети профессори Бенжамин Робинсон Исроил ҳақидаги фикрлари сабаб бир талабанинг номаълум шикоятидан сўнг танбеҳ олган. У янги қоидаларни «бутунлай қўрқинчли» деб атаб, «профессорлар билан талабалар ўртасида душманона ва ишончсиз муносабат яратади», дея таъкидлайди.
Сиёсий босим ва молиявий таҳдид; Гарвард университети Трамп нишонсида
АҚШ университетларидаги назорат ва таранглик муҳити марказий ҳукуматнинг академик муассасаларга қаратилган бевосита сиёсий ва иқтисодий босимлари билан янада кучаймоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп яқинда ўз ижтимоий тармоғидаги постида маъмурияти Гарвард университетидан бир миллиард доллар товон талаб қилиши ва ушбу университет билан алоқаларни узишини маълум қилди. У Гарвардни «ноқонуний хатти-ҳаракатлар» ва «антисемитизм»да айблади, бироқ аниқ далил келтирмади. Бу айбловлар Оқ уй билан АҚШнинг етакчи университетлари ўртасидаги кенгроқ кескинлик доирасида айтилмоқда; ҳукумат уларни «либерал мойилликлар»да айбламоқда. Илгари ҳам Гарвардга ажратилган давлат тадқиқот маблағлари вақтинча тўхтатилган эди, буни эса федерал суд ноқонуний, деб топган.
Сент-Жон университетининг АҚШ миграция идораси билан ҳамкорлиги тўхтатилди
Бу жараёнлар билан бир пайтда, айрим университетлар ахлоқий ва ижтимоий босимлар сабаб давлатнинг хавфсизлик идоралари билан ҳамкорликларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлмоқда. Нью-Йоркдаги католик Сент-Жон университети сўнгги ойларда ички хавфсизлик соҳасида талабаларни тайёрлаш бўйича келишув имзолагани учун профессорлар, талабалар ва битирувчилар томонидан кучли норозиликларга дуч келди; натижада ушбу ҳамкорлик тўхтатилди.