Форсий қанд ҳаловати
Мирзо Абдулқодир Бедилнинг борлиққа оид ақидалари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги суҳбатимизда буюк шоир ва файласуф Мирзо Абдулқодир Бедилнинг ҳаёти ва ижодиёти борасида сўз юритамиз. Бизни тинглаб боринг.
Таъкидлаб ўтганимиздек, Мирзо Бедил “Чор унсур” (“Тўрт унсур”) асари, “Ирфон” (“Билим”) номли шеърий поэмаси, “Нукот” (“Ҳикматли сўзлар”) асарларида тўрт унсур: ҳаво, сув, ер, олов тўғрисида ўсимликлар, ҳайвонлар ва одамларнинг пайдо бўлиши ҳақида баён этади, ҳамда фалсафа, социология, теология, тарих, тиббиёт ва адабиётнинг турли масалаларига тўхталади, бунда диний-теологик ва тасаввуф терминларини ишлатиб, борлиқ, материя, майда бўлакчалар, жонсиз ва жонли табиат, жонли табиатнинг пайдо бўлиши ҳақида муҳокама юритиб, ўз қарашларини баён этади.
Мирзо Бедил ўз пантеизмида бу “ваҳдати–вужуд ” ва “ваҳдати– мавжуд” ларни ўзича ўзига хос талқин қилади. Унингча: “Ваҳдати –вужуд” бу “жисмоний бирлик бўлиб, унга оллоҳ бир, оллоҳ ягона, мавжуд нарсалар дунёси ҳақиқий эмас фақат ягона оллоҳгина ҳақиқий демакдир.” “Ваҳдати – мавжуд” эса, бу мавжудот бирлиги бўлиб, фақат реал воқеликдан иборат ягона моддий олам бор ва у оллоҳ билан бирдир демакдир. Мирзо Бедилнинг пантеизми айни шу: “ваҳдати мавжуд”га оид бўлиб, унга кўра табиат, олам абадий, оллоҳ шу оламнинг ўзида, унга сингиб кетган, шунинг учун биз оламдан воз кечмаслигимиз уни билишимиз лозим, дейди. Демак, Мирзо Бедилнинг пантеизми ўзига хос бўлиб, у Шарқ мутафаккирларининг кўпчилиги каби ваҳдати – мавжуд позициясида турган.
Мирзо Бедил, моддий олам адабий ўзгариш жараёнини кечириб туради, моддий дунёнинг абадийлиги, ўзгарувчанлиги, бошланиши бўлмаганидек, охири ҳам бўлмайди, дейди. Унинг нуқтаи назарича, дунёда бўлиб ўтадиган ҳамма жараёнлар табиийдир, табиат жараёнидир, табиат эса, бошланиш ва охири бўлмаган абадий ҳақиқатдир, табиат ўз-ўзига сабабчидир, барча борлиқ ундан иборат: унинг моддийлиги мутлоқ ва абадийдир, конкрет нарсалар ва инсон табиатнинг маҳсулидир, ўткинчи, йўқ бўлувчи ва пайдо бўлувчилардир.
Мирзо Бедил ўз асарларида яратувчи табиатнинг абадийлиги ва конкрет нарсаларнинг ўткинчи характери тўғрисида сўз юритади. Лекин у бунда мутлоқ йўқолишни инкор қилади. Унингча, оламдаги конкрет нарса ва ҳодисалар чегарали ҳамда вақтлидир, табиат, борлиқ чексиз ва абадийдир. Мирзо Бедил фано ва бақо тушунчалари ҳақида сўзлаб, фано – бу йўқотилишдир, лекин фанони жисмларнинг мутлоқ йўқолиши, деб эмас, балки жисмларнинг ўзгариши, уларнинг бошқа ҳолатга айланиши, деб тушуниш лозим, дейди.
Мирзо Бедил инсоннинг ўлишини ҳам табиий ҳолат, деб тушунтиради. Унинг фикрича, кишининг ўлими айрим конкрет нарсаларнинг ўзгариши, табиий бир ҳодиса, яъни органик нарсаларнинг неорганик табиатга айланиши, деб тушунади. Унинг қарашича, бир жонли нарсанинг ўлиши бошқа бир нарсанинг ҳаёти демакдир. Бу жараённинг боши ҳам охири ҳам йўқ. Бир ҳодиса иккинчи ҳодисанинг сабабчисидир. Ҳаёт – абадий такрорланиб, айланиб турувчи жараёндир.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Энди эса буюк Бедилнинг гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.
Ёд этиб шавқингни, синган хаста диллар шоддир,
Шиша дилларга бу чил-чиллар муборакбоддир.
Оҳ ва кўз ёшим эгиз, мен бир ажиб миробман,
Шу шамол, бу сув билан дард боғларим ободдир.
Ғафлат ичра мен ҳаётни меҳрибон билдим ғалат,
Ҳар дамим қўш тиғли ханжар, умр эса жаллоддир.
Ҳайратим оғзи метин, юмшоқдир ундан тоштухум,
Фолбоқар ойнам синиб, бунданки у зурёддир.
Умр қушим парвози тинди шиша кўнглим ичра, оҳ,
Тип-тиниқ ушбу қафаснинг соҳиби сайёддир.
Зору муҳтожмиз агар-чи, биз қаноат бир-ла бой,
Ташна дил қонғайму ҳеч, дунё саробободдир.
Бўлди булбул нозга тутқун, ҳолбуки, бир урса пар,
Кўркиданмас гул, ўзидан ҳам ўзи озоддир
Ақлу ҳуш жоми синиқ, ундан саломатлик оқар,
Телбалик роҳат яратмакда ажиб устоддир.
Васл оқшомида исфандлар не хуш чарсиллади,
Ишқни мадҳ айлаб куйибдурман, бу — бир исботдир.
Кўп улуғ тушларга лоқайдмиз, нечунким, ўнгда ҳам
Ухлагудек дамда бир дунё, ахир, бунёддир.
Биз Хито — нақш ўлкасин кезсак, оёқнинг излари
Мўйқаламдир гўиё, сурган ажиб Беҳзоддир.
Сурмалар бахтлар қаросиндан нишон киприкдаги,
Ишқни кокиллар сезиб тўлғанди — жим фарёддир.
Кекса бу жонимни ковлаб, бахт йўлин очдим, не бахт
Қомати ёй, чунки Бедил, тешаи Фарҳоддир.
Мирзо Бедил ўзининг “Чор унсур” асарида абадийлик ҳақида гапириб, инсоният оламидаги абадийлик тушунчасини таҳлил қилади. Бу у икки хил абадийликни фарқлайди: умумий абадийлик ва хусусий абадийлик. Умумий абадийлик ҳамма жисмлар, нарсалар табиатига шу жумлдан, ўсимликлар, ҳайвонлар ва одамлар танасига хосдир. Хусусий абадийлик эса ўз ҳаракати ва меҳнати билан ўзидан кейинги наслларга яхши ном, яхши иш, яхши хотира қолдирадиган кишиларгагина хосдир.
Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.