Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
Ўзбекистон хабарлари
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.
Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа вакиллари билан учрашди;
- 2017-йилнинг 9-10-январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон-Афғонистон сиёсий маслаҳатлашувларининг биринчи раунди бўлиб ўтади;
- Февраль ойида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғловчи йўл очилади;
- Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея Президенти вазифасини бажарувчи Хван Гё Ан билан телефон орқали мулоқот қилди.
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.
Маълумки, 2017 йилнинг 7 январида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа вакиллари билан учрашди. Унда давлат раҳбари прокуратура органлари фаолиятига боғлиқ бўлган бир қатор муҳим масалаларга тўхталиб, уларни рақамлар билан асослади.
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ўтган йили очилган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига қисқа давр мобайнида Ўзбекистон фуқароларидан 311 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. "Икки ой ичида 311 минг аҳоли жойдаги аҳволдан норози!", - деди Президент.
"Мурожатларнинг 111 мингдан ортиғи ёки ҳар учтадан биттасида ижтимоий соҳадаги ўткир масалалар кўтарилган. Жойларда иш ҳақи ва пенсия тўловларини кечиктириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун ажратилган бюджет маблағларини нотўғри сарфлаш ва талон-тарож қилиш ҳолатлари мунтазам равишда давом этиб келаётгани ҳаммамизни ташвишга солиши шарт!", - дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Ўтган йили 5925 фуқаролар йиғинида кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 41 миллиард 300 миллион сўмга яқин нафақа ва моддий ёрдам пули ноқонуний тўланганлиги бунга мисол қилиб келтирилди.
Бундан ташқари, нақд пулнинг банкдан ташқарида айланиши билан боғлиқ салбий ҳолатларга қарши етарлича кураш олиб борилмаётганлигига урғу берилди.
"Аслида бу масалалар назорати прокуратура ҳузуридаги департаментнинг бевосита вазифасига киради. Бироқ афсуски, департамент ва унинг жойлардаги бўлимлари бу ишни ўз ҳолига ташлаб қўйган. Шунинг учун департамент янги раҳбари эътиборини ушбу муҳим масалани алоҳида назоратга олиш зарурлигига қаратмоқчиман", - деди Ш. Мирзиёев.
2017-йилнинг 9-10-январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон-Афғонистон сиёсий маслаҳатлашувларининг биринчи раунди бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида хабар берилган.
Тадбирда иштирок этиш учун Афғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳекмат Халил Карзай бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳрига келади.
1998 йилда ёпиб қўйилган, Қозоғистоннинг Жамбил, Олмаота ва Жанубий-Қозоғистон вилоятлари ҳудуди бўйлаб ўтиб, Ўзбекистоннинг Тошкент, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида давом этган М-39 трассаси яна очилиши режалаштирилмоқда.
Кун.уз сайтига кўра, ТВК телеканали сайтида маълум қилинишича, бу ҳақда Жанубий-Қозоғистон вилояти раҳбарининг Ўзбекистон делегацияси вакиллари билан учрашуви вақтида айтилган.
Ўзбекистон ТИВнинг алоҳида масалалар бўйича элчиси Илҳом Неъматов билан музокаралар якунида ушбу йўлни шу йилнинг февраль ойида очишга келишиб олинган
"Ҳозирда бу йўл ёпиқлиги туфайли одамлар Самарқандга боришда 70 километр кўп масофа босмоқда. Шунинг учун биз йўлда ҳаракатни тиклашга қарор қилдик, бу орқали аҳолига ва мамлакатимиз меҳмонларига қулайлик яратилади",- деган ўз интервьюсида Илҳом Неъматов.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрида Жанубий-Қозоғистон ҳокими Жонсаид Туймебоев Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Улуғбек Рўзиқулов билан учрашув ўтказганди. Музокаралар давомида икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини оширишга келишиб олинганди. Бу келишув доирасида икки мамлакат чегарасида савдо ҳудуди ташкил қилиш ҳам назарда тутилган.
5 январь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев билан Корея Республикаси президенти вазифасини бажарувчи Хван Гё Ан ўртасида Жанубий Корея томонининг ташаббуси билан телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди. Хван Гё Ан Шавкат Мирзиёевни 2016 йилнинг декабрь ойида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси президенти сайловида муносиб ғалаба қозонгани муносабати билан самимий муборакбод этган. Томонлар ўзаро ҳамкорлик тарихидаги шонли сана – Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 25 йиллиги билан бир-бирини қизғин табриклашган.
Шавкат Мирзиёев ва Хван Гё Ан икки мамлакат ўртасида ўзаро ишонч, очиқлик ва ҳамфикрлик қарор топганини катта мамнуният билан таъкидлашди. Ўзбекистон раҳбари Корея Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Хван Гё Аннинг икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик дастурини амалга оширишга қўшган ҳиссасини юксак баҳолаган. Ўзбекистон-Жанубий Корея муносабатларининг истиқболлари атрофлича муҳокама қилинар экан, ўзаро фойдали бўлган барча соҳаларда юқори технологияли қўшма лойиҳалар сонини оширишдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев ва Хван Гё Ан 2006 йилда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги декларация тамойилларига содиқ қолажакларини таъкидлаб, икки мамлакатда юксак салоҳият мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда уни сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитиш даркорлигини қайд этишди. Шавкат Мирзиёев Янги йилда Хван Гё Анга ва Корея Республикаси халқига фаровонлик ва тараққиёт тилакларини билдирди. Ўз навбатида Хван Гё Ан Шавкат Мирзиёевга давлат фаолиятида улкан омад ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига эса тинчлик ва янада юксалиш тилакларини изҳор этди. Президент вазифасини бажарувчи Хван Гё Ан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Корея Республикасига расмий ташриф буюришга таклиф қилди. Суҳбат очиқ ва дўстона руҳда ўтгани таъкидланган.
Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.