Нур томон йӯл-713
713-қисм.“Анкабут” муборак сураси 41-45--ояти карималарининг шарҳи
Суҳбатимиз ибтидосида “Анкабут” муборак сураси 41-42--ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.
مَثَلُ الَّذِينَ اتَّخَذُوا مِن دُونِ اللَّـهِ أَوْلِيَاءَ كَمَثَلِ الْعَنكَبُوتِ اتَّخَذَتْ بَيْتًا ۖ وَإِنَّ أَوْهَنَ الْبُيُوتِ لَبَيْتُ الْعَنكَبُوتِ ۖ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ ﴿٤١﴾ إِنَّ اللَّـهَ يَعْلَمُ مَا يَدْعُونَ مِن دُونِهِ مِن شَيْءٍ ۚ وَهُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ ﴿٤٢﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Аллоҳни қўйиб, ўзга дўстлар тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайди. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди. (Аллоҳдан ўзганинг йўлини тутганлар, унинг уйидан ўзга уйда яшашни ихтиёр қилганлар ўзларининг ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини кошки билсалар эди. Уларнинг тузган тузумлари худди ўргимчак уясига ўхшаб, ўта нимжон эканини билсалар эди. Такаббурликлари ила Аллоҳ қуриб берган улуғвор қасрни инкор этиб, ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини билсалар эди. Бу ҳақиқатни биладиларми, билмайдиларми — уларга фарқи йўқ.) (41) Албатта, Аллоҳ улар ўзидан бошқа нима нарсага дуо қилаётганларини яхши биладир. Ва У азиз ва ҳаким зотдир. (42)
Ӯтган суҳбатларимизда пайғамбарларни ёлғончига чиқарган қавмлар ҳақида тӯхталган эдик. Бу ояти каримада эса гӯзал бир ташбиҳ билан кофирларнинг ҳолати баён этилиб, буюрилади: Улар Аллоҳни қӯйиб, айрим кишилар ва ашёларга сиғинишади. Ваҳоланки, Фиръавн каби энг қудратли кимсалар ҳам Аллоҳнинг қудрати қаршисида бечоралардир. Худди ингичка омонат иплардан тӯқилиб, озгина шамол эсиши натижасида барбод бӯладиган ӯргимчак уяси каби. Қайд қилиш жоизким, суранинг номи ҳам шу ояти каримадан олинган. Аллоҳдан ӯзгага суянган кишилар, дарҳақиқат ӯргимчакнинг ҳар лаҳзада узилишга мойил бӯлган торларига суянгандек.
Мушриклар суянган нарсалари ӯргимчак тори каби заиф эканлигини билганларида эди, ундан воз кечишарди. Улар яратувчига сиғиниш ӯрнига унинг махлуқларига сиғинаётганларини кӯриб-билиб туришини дарк этишганида бу ишларни йиғиштириб қӯйиб Холиқи яктога юз буришарди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Қуръони каримнинг услубларидан бири ҳақиқатни англатиш учун ӯхшатиш ва масаллардан фойдаланишдир. Энг яхши мисоллар эса барча давру замонда халқ оммасига тушунарли бӯлган мисоллардир.
- Иймоннинг пойдевори мустаҳкам ва устивор, ширкнинг пойдевори эса заиф ва вақтинчаликдир.
- Ӯргимчак уяси каби заиф ва нотавон нарсаларга суяниш ӯрнига доно ва ҳаким зот – Аллоҳ таъолога сиғиниш лозим.
Энди “Анкабут” муборак сураси 43-44-ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз.
وَتِلْكَ الْأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ ۖ وَمَا يَعْقِلُهَا إِلَّا الْعَالِمُونَ ﴿٤٣﴾ خَلَقَ اللَّـهُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ بِالْحَقِّ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَةً لِّلْمُؤْمِنِينَ ﴿٤٤﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас. (Ҳа, Аллоҳ таоло келтираётган мисолларни ақлли кишиларгина тўла тушуниб етадилар. Ундан ўзларига ибрат оладилар. Ақлсизлар эса, бу мисолларни тушуниш ўрнига Макка мушриклари каби: «Муҳаммаднинг Робби пашша ва ўргимчакни гапириб юрибди», деб масхара қиладилар.) (43) Аллоҳ осмонлар ва ерни ҳақ ила яратгандир. Албатта, бунда мўминлар учун оят-белги бордир. (44)
Бу ояти карималарда Қуръоний масалларга ишора қилиниб, буюрилади: бу тамсиллар содда ва нафсиз деб ӯйламаслик керак, булар иймон ва куфр ҳақиқатларини англатиш учун келтирилган Аллоҳнинг каломидир. Бу тамсиллар халқ оммаси наздида оддий, содда ва одатий сӯзлар бӯлиб кӯринсада, аммо донишмандлар наздида инсон ақли томонидан осонгина идрок этиладиган чуқур маъноли иборалардир.
Ояти карималарнинг давомида Аллоҳнинг холиқлиги таъкидланиб, буюрилади: барча нарсалардан огоҳ бӯлган азиз ва ҳаким Аллоҳ борлиқни мақсадсиз яратмаган. Иймон аҳли бу нарсани идрок этишади, аммо мушрик ва кофирлар бу ҳақиқатни англашни исташмайди.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Қуръоний масаллар чуқур маънога эга. Фақат донишмандлар ва огоҳ кимсалар уларни тӯлиқ англаб етишади.
- Олам тасодифий эмас, балки махсус дастур ва мақсад асосида яратилган.
- Мушрик ва кофирлар дунёдаги воқеа-ҳодисалар билан чекланишади. Аммо иймон аҳли воқеа-ҳодисаларни Аллоҳ мавжудлигининг нишоналари деб билиб, улардан ӯтиб, Худони таниш сари илгарилаб боришади.
Суҳбатимиз сӯнгида “Анкабут” муборак сураси 45--ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз.
اتْلُ مَا أُوحِيَ إِلَيْكَ مِنَ الْكِتَابِ وَأَقِمِ الصَّلَاةَ ۖ إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَىٰ عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنكَرِ ۗ وَلَذِكْرُ اللَّـهِ أَكْبَرُ ۗ وَاللَّـهُ يَعْلَمُ مَا تَصْنَعُونَ ﴿٤٥﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Сенга китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир. Аллоҳ нима қилсангиз, билур. (Қуръонни тиловат қилиб, кишиларга етказиш Ислом даъватининг асосий омилидир. Ушбу илоҳий китоб маъноларини кишиларга етказиш, унинг таълимотларига амал қилишга чақириш даъватчининг асосий иши бўлмоғи лозим. Биз «намозни тўкис адо эт» деб таржима қилган жумлани тўридан-тўғри, сўзма-сўз ўзбекчага ағдарадиган бўлсак, «намозни тик турғиз» бўлиб чиқади. Демак, намозни ўқиш билан намозни тик турғизиш, яъни, тўкис адо этиш орасида фарқ бор. Аллоҳ таоло Пайғамбарга (с. а. в.) намоз ўқи деб эмас, намозни тўкис адо эт, деб хитоб қилмоқда. Мана шу нуқтадан кимнинг намози ҳақиқий, кимники сохта эканини билиб оламиз. Намозни ҳамма ҳам ўқийверади, лекин намозхон фоҳиша ва мункар ишлардан қайтмаса, унинг ўқиган намози ҳақиқий бўлмайди. Қачонки намозхон намозни тўкис адо қилса, фоҳиша ва мункар ишлардан қайтади.) (45)
Бу ояти карима Расулуллоҳ (С)га хитоб қилинган бӯлсада, у барча иймон аҳлини қамраб олади. Аллоҳ таъоло мӯминлар диққатини кӯпроқ жалб қилиш учун ӯз Пайғамбарига хитоб қилган.
Бу ояти каримада икки ишга буюрилган: бири—Қуръон тиловати, иккинчиси – намоз ӯқиш. Табиийки, бу икки амални мунтазам равишда бажара бориш кишининг ҳаётига баракали таъсир кӯрсатади. Уларни бажаришда сусткашлик қилиш эса иймоннинг заифлашишига сабаб бӯлади. Зеро, намоз ва Қуръон иймон аҳлига куч-қувват бағишловчи икки қудратли манбадир. Маълумки, Қуръон тиловат қилган киши оятларнинг маъносини идрок этса, унинг иймони қувват олади.
Намоз қалб ҳузури, хушу ва хузуъ ила бажарилса, одамни гуноҳлардан ва ёмон ишлардан асрайди. Намознинг яна бир фойдаси у инсонни руҳий инқироздан сақлаб қолади. Инсонни гуноҳдан муҳофаза қилиш намознинг энг кичик фойдасидир. Унинг муҳим аҳамияти эса Аллоҳни, унинг лутф-карам ва неъматларини эслашдир.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Қуръонни тиловат қилиш ва намоз ӯқиш исломнинг тарбиявий дастурлари асосини ташкил этади. Дин пешволари ҳам бу нуктани қайта-қайта такрорлаганлар.
- Қуръони карим диннинг айрим аҳкомлари, жумладан бандани гуноҳлардан асровчи намознинг ҳам фалсафасини баён этган.
- Қуръон тиловати, намоз ӯқиш каби эзгу амалларни бажариш табиий равишда инсонни ёмон ишлардан узоқлаштиради.
- Ҳар бир инсон ва умуман жамиятни ислоҳ қилишда намознинг мавқеи беқиёсдир.