Биз билан Эронга келинг
Гармсор туманидаги тарихий ёдгорликлар
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу дастур орқали Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз.
Сўҳбатларимизни тинглаб боринг.
Семнон вилояти бўйлаб саёҳат қилишда давом этамиз.Ўтган суҳбатимизда ушбу вилоятнинг муҳим туманларидан бири Хор ёхуд Гармсор ҳақида маълумот беришни бошлаган эдик. Таъкидлаб ўтганимиздек, “Мўъжам ал-Булдон” китобида Хор Рай ноҳиясининг тарихий ва йирик шаҳри сифатида қайд этилган. Ибн Ҳавқал ҳам тўртинчи асрда ушбу минтақага ишора этиб, Хорни обод, гўзал ва кичик шаҳар эканлигини ва унинг суви Дамованд тоғи орқали таъминланишини таъкидлаган.
Ҳар ҳолда тарихий ҳужжатлар кўрсатмоқдаки, Хор , яъни Гармсор шаҳри ўтмишда Эроннинг обод шаҳарларидан бўлган. Аммо мўғулларнинг ҳужумлари, кейинчалик туркман ёғийларининг босқинчиликлари ҳамда қуруқчиликлар натижасида юзага келган иқтисодий қийинчиликлар ушбу шаҳарни вайронага айлантиради. Айниқса, мўғулларнинг ушбу минтақага қилган ваҳшиларча ҳужумлари Гармсорни Эроннинг бошқа минтақаларига ўхшаб аҳолиси йўқ бир харобага айлантирган эди.
Гармсорнинг тарихи билан озроқ танишиб олдик. Энди ушбу минтақанинг тарихий ёдгорликлари борасида сизга маълумот берамиз. Гармсорда ҳам имомзодалар мақбаралари, кўплаб карвонсаройлар, қадамжолар, қалъалар, тарихий тепалар, сувни захира этиш иншоотлари ва қадимий бинолар мавжуд.
Ушбу тарихий ёдгорликларнинг барчаси борасида маълумот бериш учун вақтимиз етарли эмас. Шу боисдан уларнинг фақат айримлари билан сизни таништирмоқчимиз. Гармсор жанубидаги биёбон томон 50 километр борганингиздан кейин Сиёҳкуҳ номли тепалик мавжуд. Сиёҳкуҳ тепаси шимолида учта қадимий бино кўзга ташланади. Маҳаллий аҳоли уларни қаср деб аташади.
“Сиёкуҳ” қасрлари муҳим тарихий бинолар бўлиб, уларнинг айримлари бугунги кунгача сақланиб қолинган ва Эрон ўтмишининг азамати ҳамда ўша асрлардаги меъморчилик санъатининг юқори намунасини яққол кўрсатади. Мазкур қасрларнинг энг йирик ва муҳимларидан бири Шоҳ Аббосий ё Баҳром қасри дея аталади. Ушбу қаср 1024 метрлик баландликда ҳамда Исфаҳон, Кошон, Хор ёхуд Гармсор ва Хуросонга борувчи қадимий йўл ва карвонсарой яқинида жойлашган. Ушбу қасрнининг ташқаридаги биноси тўртбурчакли бўлиб, бир неча гунбаз ҳамда шимолий ва жанубий дарвозаларга эгадир. “Шоҳ Аббосий” қасрининг ташқи қисми ўша ерда яқин бўлган тоғлардан олиб келинган оҳак тошлари билан безатилган.
Бино ўртасида катта майдон бор ва унинг атрофида кичик ва катта хоналар қурилган. Мазкур бино ичкарисида йирик зал ва қадимий гирдоб ҳам мавжуд. Унинг ҳовлисида ҳайвонларни сақлаш хоналари ҳам қурилган.
Ушбу бинода кишини ҳайратга солувчи нарса ундаги ичимлик суви билан таъминлаш воситасидир. Қасрга етти километрлик узоқликдан тош билан қурилган ариқлар ва сопол қувурлар орқали ичимлик суви олиб келинган. Ушбу тошли ариқларнинг қурилгани ва сув олиб келишда ишлатилган йўллар ҳар бир кишини ҳайратга солади.
Гувоҳликларнинг кўрсатилишича, ушбу ҳозирги тошли қурилиш қадимий ва хароб бўлган бир бино асосида қурилган.
Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.
“Шоҳ Аббосий” қасри атрофида топилган сопол ашёлари эса темурийлар даврига тааллуқли бўлган. Аммо мазкур бино шоҳ Аббос Сафавий даврида таъмирланиб, қайтадан қурилган. Шу сабабдан ушбу бино кейинчалик “Шоҳ Аббосий” номи билан танилган. “Баҳром” ёхуд “Шоҳ Аббосий” қасрининг қўриқланган Кавир миллий паркида жойлашгани ҳам мазкур карвонсарой жозибасини оширади. Қўриқланган Кавир миллий паркининг ягона бўлган табиий муҳити унда мавжуд турли гиёҳлар, ҳайвонлар ва қушлар билан биргаликда сайёҳларнинг муҳим дам олиш масканларига айланган.
Қадим замонларда ичимлик сувидан фойдаланиш учун қувурлар мавжуд бўлмагани боис Эрон шаҳар ва қишлоқларининг турли нуқталарида ичимлик сувини захира этувчи иншоотлар қуришарди ва аҳоли ҳам улардан кенг фойдаланишарди.
Семнон вилоятида, хусусан, Гармсорда ҳам ушбу иншоотлардан кўп қурилган ва уларнинг айримлари ҳозиргача бузилмаган ва аввалги ҳолатида сақланиб қолинган. Ичимлик сувини захира қилиш учун қурилган иншоотларнинг кўриниши бир-бирига ўхшашдир. Яъни, зинапояларга эга конуссимон бинода ҳаво кириб, сувни совитиши учун бодгирлар қурилган.
Қадрли тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.